24 октябрь куни кечаси Япония бош вазири Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди, деб хабар қилади ЎзА. Пойтахт аэропортида Синдзо Абэни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Қисқа суҳбатдан сўнг Япония делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. Япония Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий сафари асосий тадбирлари 25 октябрга белгиланган.

Олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигини янада ривожлантиришга оид кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро сиёсатга доир долзарб муаммолар муҳокама қилиниши мўлжалланган.

Сафар якунлари бўйича томонларнинг Қўшма баёноти қабул қилиниши, савдо-иқтисодий, инвестиция, молиявий-техника ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа кўплаб ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.