Ўзбекистон 2015/16 йиллар мавсумида жаҳон бозорида пахта толаси экспорти бўйича 7 фоизлик ёки, тахминан, 550 минг тонналик улушини сақлаб қолади, дейилади пайшанба куни Тошкентда очилган XI Халқаро пахта ярмаркаси доирасида ўтказилган конференцияда эълон қилинган маълумотларда.

Пахта бўйича халқаро колнсультатив қўмита (ICAC) маълумотларига қараганда, ташқи бозорга пахта толаси етказиб бериш бўйича АҚШ (29 фоиз), Ҳиндистон (16 фоиз) ва Покистон (10 фоиз) етакчилик қилмоқда. 2015/16 йиллар мавсумида жаҳонда пахта толаси ишлаб чиқариш 9,2 фоиз — 23,9 млн тоннагача камаяди, унинг истеъмоли эса 2 фоиз — 25 млн тоннагача ошади, дейилади ICAC маълумотларида.

ICACнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон бозоридаги баланснинг яхшиланиши 2015/16 йиллар мавсумида бир фунт (450 грамм) пахта толаси баҳосини 67-68 цент даражасида ушлаб туради. Бунга, бир тарафдан, асосий пахта ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлмиш Хитойда пахта толасига талабнинг пасайиши, бошқа тарафдан эса, етакчи пахта етиштирувчи минтақалар — АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Бразилия ва Ўзбекистонда юқори ҳосил олиниши кутилаётгани сабаб бўлмоқда.

«Ҳукумат янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилиш ва пахта толасини қайта ишлаш қувватларини ошириш ҳисобига экспорт миқдорини камайтириш сиёсатини изчил давом эттирмоқда», — деди Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев конференциянинг очилиш маросимида. Унинг сўзларига кўра, «самарали логистика тизими ҳамда оптимал маршрут ва коридорларни танлаш ўзбек пахтасини барча истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб беришга имкон яратмоқда».

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги маълумотларида қайд этилишича, жорий мавсумда ҳам ўзбек пахтасининг асосий харидорлари Бангладеш (29 фоиз), Хитой (26 фоиз), Жанубий Корея (7 фоиз) ва Эрон (5 фоиз) бўлиб қолади.

«Сўнгги йиллардаги ўртача ҳосилдорликдан келиб чиқиб, 2015 йилда 1 млн тоннага яқин тола ишлаб чиқарилишини кутяпмиз», — деди конференция иштирокчиси, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Фарҳод Омонов «Газета.uz» мухбирига.

«Ўзбекенгилсаноат» компанияси маълумотларига кўра, 2015-2020 йилларда мамлакат тўқимачилик соҳасини модернизация қилишга 1 млрд долларга яқин маблағ йўналтирилади. Дастурда пахта толасини қайта ишлашни жорий йилдаги 44 фоиздан 2020 йилда 70 фоизга етказиш, бинобарин, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 800 млн доллардан 1,5 млрд долларгача ошириш кўзда тутилган.

Ҳар йили Ўзбекистонда 3,5 млн тонна пахта хом ашёси ва 1-1,2 млн тонна тола ишлаб чиқарилади. Кейинги 10 йил мобайнида мамлакатда пахта толасининг ички истеъмоли 15 фоиздан 40 фоизгача ошди.

Тошкентдаги Халқаро пахта ярмаркаси ICAC ва Халқаро пахта уюшмаси (ICA) шафелигида ўтказилмоқда. 2005 йилдан бери Ўзбекистон ўтказилган ярмаркаларда 7 млн тоннага яқин пахта толаси бўйича шартномалар тузди.