Ўзбекистонлик 6 нафар спортчи шанба куни, ташланган қуръа натижаларига кўра, Tashkent Challenger 2015 еттинчи халқаро эркаклар теннис мусобақасининг асосий тўрида ўйнайдиган бўлди.

Улардан икки нафари — Денис Истомин (ATP рейтингининг 70-ўрнида) ва Фаррух Дўстов (129-ўрин) турнирдаги 8 нафар рейтинги энг юқори теннисчи қаторига кирди. Дениснинг илк рақиби Владимир Игнатик (Беларусь, 210-ўрин), Фаррухники эса Алдин Сетхис (Босния ва Герцеговина, 232-ўрин) бўлади.

Турнирга таклиф этилган яна тўрт нафар ўзбек спортчиси Темур Исмоилов (453-ўрин), Санжар Файзиев (512-ўрин), Жўрабек Каримов (888-ўрин) ва Шониғматжон Шофайзиев (1304-ўрин) ҳам асосий тўрда ўйнайдиган бўлди.

Якшанба куни тўртта саралаш ўйини бўлиб ўтди ва спортчиларимиз Сайдулло Саидкаримов ва Ҳумоюн Султонов ҳам асосий тўрда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритиш имконига эга эди.

Шанба куни наманганлик 17 яшар Ҳумоюн Султонов иккита ўйин ўйнаб, биринчисида ҳамюрти Шаробиддин Аблязовни 6:1, 6:3, иккинчисида эса янги зеландиялик Майкл Венусни (6:1, 6:3) ҳисоблари билан ютди. Якшанба куни беларуслик Илья Ивашко уни 2:6, 4:6 ҳисобида енгиб, мусобақадан чиқариб юборди. С.Саидкаримов эса эстониялик теннисчи Владимир Ивановга 6:1, 6:1 ҳисобида ютқазди.

«Мукофот жамғармаси 125 минг АҚШ доллари бўлган турнир учун ўйинчилар таркиби жуда кучли, — деди қуръа ташлаш маросимида турнир бош назоратчиси Андрей Корнилов. — Мусобақаларда кучли 100 таликка кирувчи ва АТРнинг олий даражадаги турнирларида ўйнаган 8 нафар теннисчи иштирок этмоқда».

Tashkent Challenger турнирининг асосий қисми душанба, 12 октябрь куни 10:00 да РОЗТМ кортларида бошланади. Жуфтлик мусобақалари финали 16 октябрь, яккалик баҳслариники эса 17 октябрда бўлиб ўтади.