Тошкентда ICTWEEK Uzbekistan 2015 ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бошланди. 2004 йилдан бери халқаро экспертлар, соҳа мутахассислари, давлат идоралари ва бизнес вакиллари иштирокида ўтказилиб келаётган тадбир формати йил сайин кенгайиб бормоқда. Душанба куни бўлиб ўтган матбуот конференциясида жорий йилда ICTWEEK Uzbekistan Тошкент (14-18 сентябрь) ва Самарқанд (15-16 сентябрь) бўлиб ўтиши хабар қилинди.

Жорий АКТ ҳафталиги янгиликларидан бири ушбу соҳа тараққиёти тенденцияларини муҳокама қилиш учун экспертларнинг баҳс майдони сифатида ўйланган ахборот-коммуникация технологиялари бўйича илк форум ICTFORUM 2015 нинг ўтказилишидир. Икки кунлик форум (16-17 сентябрь) блоклардан иборат конференциялар, секция мажлислари, маҳорат сабоқлари ва гуруҳ муҳокамаларини ўз ичига олади. Форум доирасида eGovernment Uzbekistan, BestSoft Uzbekistan ва Startup Conference, «АКТ ва туризм» конференциялари, шунингдек, «Телекоммуникациялар ва инфратузилма», «Интернет ва ахборот ресурслари» ва «Ахборот хавфсизлиги» мавзуларида секция мажлислари бўлиб ўтади.

Ахборот-коммуникация технологиялари бўйича анъанавий ICTSUMMIT 2015 саммитини бу йил АКТ ҳафталиги бошида эмас, охирида, яъни 18 сентябрь куни ўтказишга қарор қилинди. Унда Ўзбекистонда ўтган йил мобайнида АКТни ривожлантириш якунлари ва соҳа олдида турган стратегик вазифалар муҳокама қилинади, шунингдек, ICTFORUM иштирокчилари тайёрлаган резолюция қабул қилинади.

15 сентябрь куни Тошкент («Ўзэкспомарказ») ва Самарқандда (ТАТУ филиали) очиладиган ICTEXPO Uzbekistan 2015 кўргазмасига камида 30 минг киши келиши кутилмоқда. 160 га яқин компания ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги энг яхши ишланма ва маҳсулотларни намойиш этади.

АКТ ҳафталиги доирасида бошқа қизиқарли тадбирлар ҳам режалаштирилган. 16 сентябрда ОТМ талабалари, мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида BestSoft Challenge деб номланган дастурчилар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Ҳар бир номинация бўйича энг яхши лойиҳа 10 млн сўм пул билан мукофотланади.

15-17 сентябрда киберфутбол бўйича Uzbekistan Cyber Games FIFA15 Ўзбекистон кубоги финали бўлиб ўтади. Дастлабки саралаш ўйинлари 1-12 сентябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Олмалиқ шаҳарларида ўтказилган эди.

Ўша кунлари веб-илова дастурлари, мобил қурилма ва виртуал борлиқ учун илова дастурлари ишлаб чиқувчилари ўртасида Intellect2All танловининг финали бўлиб ўтади. Бош соврин учун 20 та команда беллашади. 6 млн сўмлик мукофот жамғармаси учта финалчи ўртасида тақсимланади.

АКТ ҳафталигининг яна бир воқеаси 15-17 сентябрга мўлжалланган Gadget Fair бўлади. Ярмарка «Ўзэкспомарказ»нинг очиқ ҳудудида ташкил этилади. Меҳмонлар энг етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг сўнгги русумдаги телефон, смартфон ва планшетлари, жумладан, ICTWEEK бош ҳомийси Huawei компаниясининг маҳсулотларини сотиб олиши мумкин.

18 сентябрь куни Data.gov.uz Hackathon очиқ маълумотлари бўйича Хакатон ғолибларини мукофотлаш маросими ўтказилади. Мусобақа Ўзбекистонда очиқ маълумотлар ғоясини оммалаштириш ва мамлакат учун ушбу янги билим соҳасига ишлаб чиқувчилар ва бошқа мутахассислар эътиборини жалб қилиш мақсадида ўтказилди. Ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича мукофотланади: энг яхши илова дастури ёки очиқ маълумотларга асосланган сервис, очиқ маълумотларни визуаллаштириш бўйича энг яхши ечим ва Тошкент вилояти бўйича очиқ маълумотлардан фойдаланган энг яхши илова дастури.