«Ўзбекистон» телеканалининг 2 сентябрь куни эфирга узатилган «Ахборот» дастурида Қорақалпоғистоннинг Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейида ўтказилаётган текширув ҳақида маълумот берди.

Лавҳада хабар қилинишича (видео, 40-дақиқадан бошлаб), 28 август куни Миллий хавфсизлик хизмати музейда бешта картина йўқлиги ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу мутахассислар иштирокида, жумладан, ультрабинафша нур таҳлили ёрдамида музейнинг 85 мингта экспонати орасидан 800 та картина ва график асар текшириб кўрилганда аниқланди.

Текширув оралиқ натижаларидан маълум бўлишича, музейда рассомлар Ганнинг «Дам олишда», Кашинанинг «Овулда», Сафроновнинг «Шляпа кийган хоним», Турусовнинг «Узумзор» ва Караханнинг «Лола тераётган аёллар» картиналари ўрнида бутунлай бошқа асарлар сақланмоқда.

Бадиий экспертиза бошқармасининг (Маданият ва спорт ишлари вазрилигига қарашли) экспонатларни баҳолаш комиссияси хулосасига кўра, зикр этилган картиналарнинг умумий нархи 581,626 млн сўмни ташкил қилади, дейилади лавҳада.

Дастурда, шунингдек, олдинроқ Ўзбекистон давлат санъат музейида 278 та, рассом Виктор Уфимцевнинг Ангрендаги галереясида ҳам кўплаб қалбаки картиналар борлиги аниқлангани айтилди. Уфимцевнинг асарлари Россиядаги шахсий коллекциялардан топилди ва кимошди савдоларига чиқиб кетди. Ҳозир уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича иш олиб борилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Игорь Савицкий таваллудининг 100 йиллиги 4 сентябрь куни Нукусда нишонланиши режалаштирилган.