РИА Новости — Қозоғистон миллий валюта — тенгенинг эркин курсига асосланган янги пул-кредит сиёсатини амалга оширишга киришди, деб баёнот берди бош вазир Карим Масимов ҳукумат мажлисида.

«Дунё иқтисодиётидаги асосий салбий ўзгаришлар широитида янги иқтисодий сиёсат иқтисодий ўсиш ва нарх-наво барқарорлиги ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш учун янги пул-кредит сиёсати юритишни талаб қилади. Шу муносабат билан Қозоғистон Республикаси Миллий банки ва ҳукумати 2015 йил 20 августдан эътиборан пулнинг тез қадрсизланиши олдини олишга асосланиб, валюта коридорини бекор қилиш, валюта алмашувининг ўзгариб турувчи курсига ўтишдай янги пул-кредит сиёсатини амалга оширишга киришди», — деди у.

«Валюта алмашув курси асосий ички ва ташқи макроиқтисодий омилларни ҳисобга олган ҳолда бозор талаб ва таклифидан келиб чиқиб шаклланади. Бунинг маъноси шуки, алмашув курси ҳам пасайиш, ҳам кучайиш томонга ўзгариши мумкин, бу дунё иқтисодиёти ва ички валюта бозоридаги вазиятга қараб аниқланади», — дея қўшимча қилди бош вазир.

Бош вазирнинг фикрича, Миллий банк тенгенинг бозор даражасидаги алмашув курси шаклланишига аралашмайди, бироқ мамлакат молия тизимининг беқарорлашиш хавфи пайдо бўлган тақдирда ички валюта бозорига валютани интервенция қилиш йўли билан аралашиш имкониятини сақлаб қолади.

Июль ойнинг ўртасида Қозоғистон Миллий банки тенгенинг алмашув курси тебраниши коридорини бир АҚШ доллари учун 170-188 тенгедан 170-198 тенгегача кенгайтирди ва бунинг сабабини ташқи иқтисодий вазият ёмонлашуви, аввало, нефть баҳосининг тушиб кетиши билан асослади.