«РЕТРО UZ автомобилчилар клуби»га аъзо 30 дан ошиқ автомобиль якшанба куни Тошкент шаҳрининг марказида бўлиб ўтган яна бир кўргазмада иштирок этди.

Клуб раиси Аваз Мусаевнинг «Газете.uz»га хабар қилишича, уюшманинг, бор-йўғи, беш йиллик тарихида бундай машиналар сони 5 дан 50 тага етди. Пскент туманида спортнинг автомобиль турлари мусобақаларида ретро-автомобиллар парадини ўтказиш анъана тусини олди.

Кўргазмага қўйилган машиналарнинг энг ёши улуғи ўтган асрнинг 30-йилларида ишлаб чиқарилган Германиянинг «Стандарт» ва АҚШнинг «Бьюик — Бугго» автомобиллари бўлди.

1940 йилда ишлаб чиқарилган ва бир ярим тонна юк кўтарадиган «полуторка» — ГАЗ-ММ юк машинаси ҳамда 1943 йили ишлаб чиқарилган ГАЗ-76Б автомобили уруш йилларидан эсдаликдир. «Полуторка»ни кўргазма жойига етиб келгунча йўл-патруль хизмати ходимлари 4 марта тўхтатибди.

1969 йили ишлаб чиқарилган, «ўриндиқлари чарм копламали завод кабриолети» бўлмиш ГАЗ-21 зарғалдоқранг автомобили томошага келган барча кишилар бирдай ёқтириб қолган ретро-улов бўлди. У кўргазмага ўзига хос ранг-баранглик ва файз киритди.

Расмга тушишга ишқибоз томошабинларга кузови ёрқин қизил рангга бўялган «Москвич-401» ҳам ёқиб қолди.

Бунақа тадбирлар ғолибсиз ўтармиди? Олди хромланган ва ўз вақтида арбоблар минган «Чайка» автомобили «кўргазма қироличаси» деб эътироф этилди. Қиролича билан қўл бериб саломлашиб бўлмайди, деганларидек, унинг атрофига лента тортиб қўйилибди.

Фото

Видео

«РЕТРО UZ автомобилчилар клуби» раиси Аваз Мусаевнинг интервьюси (рус тилида).