Шавкат Мирзиёев 10 май куни бўлиб ўтган видеоселекторда 2024 йилнинг дастлабки 4 ойида мамлакатга 115 минг нафар мигрант қайтиб келганини қайд этди.

Президент бандлик ва аҳоли даромади масаласи биринчи даражали аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бу борада оқсоқликка йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида барча даражадаги раҳбарларни огоҳлантирди. Кейин эса тартибли ва хавфсиз меҳнат миграцияси бўйича гапирди.

2024 йилнинг январь-март ойларида меҳнат миграциясидан 58 минг нафар, апрелда 57 минг нафар фуқаро қайтиб келган. Йил охиригача яна 250−300 минг нафар ўзбекистонлик мамлакатга қайтиши прогноз қилинмоқда. Шавкат Мирзиёев уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий масалаларига кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.

Президент мутасаддиларга миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, «маҳалла еттилиги» тизими билан интеграция қилиш, хорижда меҳнат қилаётган ва қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларга кўмаклашиш, қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан топшириқлар берди.

2023 йил июлида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев йилдан-йилга ўзбекистонлик мигрантларнинг мамлакатдан кетиши эмас, қайтиши сони ортиб бораётганини айтганди. У мигрантлар сони 2 млн нафарни ташкил этаётганини қайд этган.

2019−2021 йилларда ўзбекистонлик мигрантлар учун асосий йўналиш бўлган Россиядан юборилган пул ўтказмалари Ўзбекистонга жами пул ўтказмалари ҳажмининг атиги ярмини ташкил қилган. 2022 йил охирида Россиянинг пул ўтказмаларидаги улуши қарийб 87 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилда кўрсаткич 78 фоизгача камайган. 2024 йилда Россия улуши сезиларли даражада — 68 фоизга пасайди.

2023 йил охирида Жаҳон банки Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг босқичма-босқич қисқаришини қайд этганди. Бу Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони қисқаргани, сўм курсининг рублга нисбатан мустаҳкамлангани ва рубль инфляцияси билан изоҳланган.

Марказий банк аввалроқ меҳнат миграциясида географик диверсификация кузатилаётгани, Россиядан пул ўтказмалари улуши камайгани ҳақида маълум қилганди.