3−7 июль кунлари Тошкентда «Янги Ўзбекистонда тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтди. Унинг доирасида 7 июль куни «Халқаро меҳнат бозорининг глобаллашуви жараёнида Ўзбекистоннинг ўрни ва истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Тадбирда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг қайд этишича, Ўзбекистон аҳолиси йилига 900−950 минг нафарга кўпаймоқда. Ҳар йили меҳнат бозорига 700 минг ишчи кучи кириб келмоқда. Мигрантлар сони 2 млн кишини, уларнинг жами аҳоли сонидаги улуши эса 5,5 фоизни ташкил этади.

«Йилдан-йилда мигрантларнинг кетиши эмас, қайтиши сони ортиб бормоқда. Чунки иш ўринлари кўпаймоқда ва бу ишчи ўринларини ўзимизнинг хориждан қайтган мигрантларимиз ҳисобига қоплаб боряпмиз», — деди у.

Вазир мамлакатнинг ўзида меҳнат бозори шиддат билан шаклланаётгани, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида ишлаб чиқариш, экспорт потенциали ошиб бораётганини таъкидлади. «Мисол учун, жуда кўп текстил корхоналари бор. Кичик бир мисол келтираман: 6−7 йил олдин Ўзбекистон 500 млн долларлик текстил маҳсулотларини экспорт қилган бўлса, ўтган йилда 3 млрд долларлик текстил маҳсулотлари экспорт қилинди. Табиийки, бундай маҳсулотларни экспорт қилиш учун уларни ишлаб чиқариш керак».

Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда кластерларнинг фақатгина пахтани етиштириб, толасини олиш ва экспорт қилиш билан шуғулланмаётгани, балки ундан қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқараётганини қайд этиб ўтди. «Бу, ўз навбатида, ўзимизнинг ички бозорда ишчи кучига бўлган талабни ошириб боришга шароит яратади», — деди Беҳзод Мусаев.

Ўзбекистоннинг айни вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россияда 16 та, Жанубий Корея, Туркия ва Қозоғистонда 1 тадан ваколатхонаси мавжуд.

2022−2023 йилларда 60 минг нафарга яқин ўзбекистонликлар ташкилий равишда чет элга ишга жўнатилган. Шулардан 44 минг 887 таси Россияга, 7 минг 325 таси Жанубий Кореяга жўнатилган. Чет давлатга ишга жўнатилган фуқароларнинг ўртача маоши 2017 йилда 500−700 долларни ташкил этган бўлса, 2023 йил 1200 долларга етган.

Вазир, шунингдек, кейинги йилларда Буюк Британия, Германия, Исроил, Япония ва Саудия Арабистонида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги офислари ҳамда бепул юридик, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш марказлари очилишини, хориждаги меҳнат мигрантларига давлат хизматларини онлайн кўрсатиш имкониятлари яратилишини ва уларнинг нархи ички тарифлар билан тенг бўлишини таъкидлади.

Элатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Аҳматов ҳам 2 млн нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хориж давлатларида ишлаётганини маълум қилганди. Уларнинг 1,5 млн нафари Россияда фаолият юритаётгани айтилган. Шунингдек, Азим Аҳматов ташкилий ишга юборилган фуқаролар кўрсаткичи 8−9 фоизни ташкил қилишини таъкидлаган.

Меҳнат мигрантлари сони бўйича маълумот 2021 йил май ойида ҳам берилган. Унга кўра, ўша пайтда 1,7 млн ўзбекистонлик чет элда, асосан, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётган бўлган.