7 май куни Россия ҳукумати президент Владимир Путиннинг лавозимга киришиши муносабати билан истеъфога чиқди. Тегишли буйруқни бош вазир Михаил Мишустин имзолади.

Қонунга мувофиқ, яқин кунларда Путин Давлат думасига янги бош вазир номзодини тақдим этади. Бу ким бўлиши ҳозирча номаълум. Номзод тасдиқланадиган дума йиғилиши 10 майга белгиланган.

Янги бош вазир тасдиқланмагунча аввалги ҳукуматнинг бутун таркиби ўз вазифасини бажарувчи сифатида ишлашда давом этади. Дума томонидан тасдиқланганидан кейин бир ҳафта ичида янги бош вазир президентга янги ҳукумат тузилмаси бўйича таклифлар киритиши керак.

«Медуза» манбаларига кўра, Михаил Мишустин бош вазир лавозимини сақлаб қолиши мумкин. Шу билан бирга, Мишустин ўрнига президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Сергей Кириенко ёки Москва мэри Сергей Собянин келиши ҳақидаги миш-мишлар юрибди.