8 май куни Москва шаҳрига амалий ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Кремлнинг ёзишича, Путин ёзда Ўзбекистондан Россия бозорига ўтган йилгидек мева-сабзавотлар экспортини кутишини, бу эса икки тарафга ҳам фойда эканини таъкидлади.

«Баҳор, яқинда эса ёз — ўтган йилгидек Ўзбекистондан мева-сабзавотларни кутмоқдамиз. Бу сиз учун ҳам, биз учун ҳам яхши. Бу нархларни пасайтиради ва уларнинг ошишига йўл қўймайди», — деди Россия президенти.

«Жуда яхши», — деб жавоб берди Ўзбекистон раҳбари. У Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов яқинда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларига сафари чоғида «унга карам, ўрик, саримсоқ ва янги пиёз кўрсатганда ҳайрон бўлганини айтди. У ҳайратда қолганди ва шундай деган: «Нега биз хориждан сотиб оляпмиз? Бу арзон ва экологик тоза. «Энг муҳими, нарх нормал».

«Биз Ўзбекистондан харидлар ҳажмини йилдан-йилга ошириб бормоқдамиз», — деди Владимир Путин.

«Ажойиб бўлар эди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бажарамиз», — деди Россия президенти.

Шавкат Мирзиёев ўша куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги нутқида Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тез етказиб бериш бўйича 2021 йилда ишга туширилган «Евроосиё агроэкспресс» лойиҳасини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

«Бизда Россия бозорини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш имкони бор», — деди Мирзиёев Владимир Путинга.

«Биз буни ривожлантирамиз. Сўнгги бир неча йил ичида ҳажмлар ошди. Ҳеч қачон кўрилмаган даража. Биз уни оширамиз», деб жавоб берди Россия президенти.