25 апрель куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев телефондан фойдаланишни тўхтатган Ангрен шаҳридаги 17-мактабга 300 миллион сўмни топширди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мактаб 50 кундан буён «Телефонсиз мактаб» лойиҳасини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда, дейилади хабарда.

Ваъда қилинган мукофот мактаб директори Зебо Маҳкамовага топширилди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Зойир Мирзаев вилоятдаги таълим муассасаларига шундай ташаббус билан чиқишни таклиф қилганди. Ҳоким ота-оналар билан келишилган ҳолда ўқувчилар ва ўқитувчиларга мактаб ҳудудида телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш кераклигини айтган.

6 март куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 13 ва 17-сонли мактабларда «Телефонсиз мактаб» тизими жорий этилганди.