Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 27 февраль куни Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган таълим кенгашининг йиғилишида вилоятдаги таълим муассасаларини «Телефонсиз мактаб» ташаббуси билан чиқишга таклиф қилди.

Ҳокимият раҳбари вилоят халқ таълими кенгашининг Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида мактабда телефондан фойдаланишни танқид қилиб, ота-оналар билан келишилган ҳолда ўқувчи ва ўқитувчиларга мактаб ҳудудида телефондан фойдаланишни тақиқлаш зарурлигини таъкидлади.

«Кеча — кимга ёқади, кимга ёқмайди — интернетда ўқиган бўлсангиз, [мактаб ҳудудида] телефондан фойдаланишни Марказий Осиёдаги ҳамма республикалар тақиқлади. Кеча шу нарса Қозоғистонда тасдиқландики, [бу тартиб] ўқитувчиларга ҳам таъсир қилади. Мактаб ҳудудига [телефон] олиб кириш тақиқланди… Ҳозир сизлар давлат қонун чиқариб берсин, деб кутяпсизлар», — деди вилоят ҳокимлиги раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, мактабларда телефондан фойдаланишни чеклаш ташаббуси билан биронта ҳам мактаб раҳбари чиқмаган.

«Сиз раҳбар бўла туриб, мен мактабимда ота-оналар билан келишиб, мажлисда муҳокама қилдик, тажриба сифатида [мактабга] телефонни киритмадик, натижада 11 ой ичида китоб ўқийдиган [болалар] сони шунчага кўпайди, жиноят шунчага кўпайди, дарс ўзлаштирилиши шунчага кўпайди, деб айтмади-ку ҳеч ким. Ҳамма директорлар ҳам жамоасини бошқара олмаяпти. Лекин нега яхши ишлаётган директорлар бундай ташаббус билан чиқмаяпти?» — деди у. Ҳокимнинг таъкидлашича, ўқитувчиларнинг мактабда телефондан фойдаланиши тақиқланса, уларнинг асаблари жойига келади, психологларга ҳам талаб пасайиб кетади.

Зойир Мирзаевнинг айтишича, ота-оналар билан келишилган ҳолда «Телефонсиз мактаб» ташаббуси билан чиққан мактабга рағбатлантириш тариқасида 300 миллион сўм ажратилади.

2023 йилда Тошкент вилоятида 139 нафар мактаб ўқувчилари томонидан 122 та жиноят содир этилган бўлиб, шундан 44 нафари 9-синф ўқувчилари, 34 нафари 10-синф ўқувчилари, яна 29−30 фоизи 11-синф ўқувчиларидир.

У Ангрен (2 тадан 11 тага), Бекобод (3 тадан 9 тага), Бўка (4 тадан 8 тага), Оққўрғон (1 тадан 4 тага), Чиноз (2 тадан 6 тага) туманларида мактаб ўқувчилари ўртасида жиноятчилик ошганини маълум қилди.

«Бундан хулоса қилишимиз керак. „Менинг мактабимда жиноят бўлмайди“ деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Қўлда телефон деган бало бор экан, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Телефон ўқувчиларни бузяпти деб, таклифлар берасизлар. Ўзимизни ҳам бузмаяптими мабодо? Улар ўзимизни ҳам бузяпти», — деди у.

Шунингдек, у бошланғич синфларда ўқиётган ўқувчиларнинг ота-оналари мажлисига ота-оналар эмас, уларнинг ўрта синфларда ўқиётган фарзандлари келаётганини айтди.