Veolia Energy Tashkent пойтахт иссиқлик таъминоти компанияси дарахт қулаши оқибатида ҳалок бўлган қизнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

Аввалроқ ишчилар сув қувурларини таъмирлаш ишларини амалга ошираётганда хавфсизлик чораларига риоя қилмасдан, махсус техника ёрдамида қазиш ишларини олиб боришлари оқибатида бир туп дарахтнинг илдизи очилгани ва ўз вазнини кўтара олмай, йиқилгани хабар қилинганди.

«Биз оилага ҳар қандай ёрдамни тақдим этишга тайёрмиз. Бу фожиали йўқотиш ва ҳеч бир сўз билан ифода этиб бўлмас мусибат эканлигини англаймиз. Қизалоқ оиласига чуқур таъзиямизни билдирамиз», — дейилади компания баёнотида.

Veolia Energy Tashkent кенг қамровли текширув ишларини олиб бораётгани ва масъул шахсларга нисбатан чоралар кўришини билдирди. Шунингдек, иш жараёнларига, шу жумладан таъмирлаш ишларига ўзгартиришлар киритишини маълум қилди.

Хусусан, дарахтлар ва бошқа кўп қаватли объектлар яқинида иш олиб борилганда, амалдаги меъёрларда назарда тутилганидан каттароқ майдонни тўсиб қўйиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Хавфли зонанинг периметри атрофида одамларнинг киришини чеклаш учун ишчи ходимларни жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, агар ишлар потенциал хавфли объектлар (қуруқ дарахтлар, эскирган иншоотлар ва бошқалар) яқинида амалга оширилса, тайёргарлик тадбирларини ўтказиш учун махсус хизматларни жалб қилиш (қуруқ дарахтларнинг шохларини кесиш, беқарор иншоотларни демонтаж қилиш ва бошқалар) кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни Чилонзор тумани 5-мавзеда 55 ёшли энага бир ёшли қизчани аравачада олиб кетаётган вақтда унинг устига дарахт қулаб тушган. Бола воқеа жойида ҳалок бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 3-қисми (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноий иш очилган.