2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 91 мингдан ортиқ енгил автомобиль (жумладан, махсус) ишлаб чиқарилди, дея хабар бермоқда Статистика агентлиги.

Бу 2023 йилнинг январь-март ойларига (60 414 та) нисбатан 50,7 фоизга кўпдир. Ишлаб чиқаришнинг асосий қисми Chevrolet Cobalt`га тўғри келди — 28,3 мингдан ортиқ автомобил (+59,5%).

Lacetti/Gentra ишлаб чиқариш 20,9 фоизга камайди; шу йилнинг апрель ойида ушбу моделни ишлаб чиқариш тўхтатилиши режалаштирилганди.

Серияли ишлаб чиқарилиши 2023 йил февраль ойида бошланган Onix`да кўрсаткич 559 дан 8338 донагача, Tracker автомобилида эса 1660 дан 12 205 гача кўтарилди.

ADM Jizzakh заводида KIA ишлаб чиқариш 4980 (ўсиш 1,5 баробар), Chery — 2990 (ўсиш 3,5 марта)тага етди.

Haval ишлаб чиқариш 205 дона, Exeed — 38 тани ташкил этди.

Махсус енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 6209 донадан 6317 донагача ошди.

2023 йилда UzAuto Motors 4,85 миллиард долларлик 369,99 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш билан Ўзбекистон автомобиль бозоридаги 81 фоиз улушни эгаллади. ADM Jizzakh 5,5% ни ташкил этди, қолган қисми импортдан, жумладан, 291 миллион долларлик 8948 BYD автомобиль импортидан тўғри келди.