Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 16 апрелга ўтар кечаси бир гуруҳ ниқобли шахслар томонидан дарахтлар давлат рақами бўлмаган экскаватор ёрдамида қўпориб олинаётгани тасвирланган видеохабар тарқалди.

Унда бир аёл ва эркак номаълум шахсларга гапиргани, тасвирга олиш бошланганидан сўнг эса мазкур шахсларнинг қочиб кетганини кўриш мумкин. Ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, туманнинг Мингчинор маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли 16-уйнинг орқа қисмида 1 туп сафора дарахти илдиз қисми билан олиб ташланган. Шундан сўнг тегишли соҳа мутахассислари ҳамда туман экология бўлими масъуллари томонидан дарахтга агротехник қоидаларга асосланган ҳолда ишлов берилган.

Фото: Экология вазирлигиФото: Экология вазирлиги

Хусусан, биологик ўғитлар билан тўйинтирилган тупроқ қопламаси ётқизилган ҳолда ўз ўрнига қайта экилган.

Ушбу қонунбузилиши ҳолатини содир этган ҳуқуқбузарларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари томонодан тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.