Газ ва электр энергияси тарифлари оширилиши муносабати билан 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар ва айрим тоифадаги истеъмолчиларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда 16 апрель куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фаррух Пардаев АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Хусусан, биринчи босқичда мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлаш учун фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари (МИХ) кўриб чиқилади ва янгиланади. Одатда камбағаллик чегараси йил бошида янгиланади (2024 йил январида бўлгани каби — ўшанда МИХ бир киши учун 568 минг сўмдан 621 минг сўмга кўтарилганди), лекин тарифлар ошиши муносабати билан МИХ 1 майгача яна бир марта оширилади. Натижада қарийб 1 миллион киши учун энг кам пенсия ва нафақа миқдорлари қайта кўриб чиқилади — улар янги камбағаллик чегарасидан паст бўлмайди.

Иккинчи босқичда эҳтиёжманд аҳолини иситиш мавсумида (2024 йил ноябрь) қўшимча ижтимоий ҳимоя қилиш учун 270 минг сўм миқдорида бир марталик компенсация ажратилади. Уни Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланган оилалар олади.

Фаррух Пардаев. Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.Фаррух Пардаев. Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.

«Ушбу компенсация орқали қарийб 1,5 миллионга яқин кам таъминланган оиланинг ижтимоий ҳимояси таъминланади. Шунингдек, ушбу компенсация „маҳалла еттилиги“ хулосаси асосида, реестрга киритилмаган қўшимча 200 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга ҳам тўлаб берилади. Бунда муҳтож оилалар рўйхати „маҳалла еттилиги“ томонидан уйма-уй юрган ҳолда шакллантирилади», — дейди Фарруҳ Пардаев.

Учинчи босқичда, яъни иситиш мавсумида кам таъминланган оилаларни қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг электр ва газ бўйича ижтимоий меъёрдан (250 куб метргача ва базавий меъёрдан 150 кВт/соат ортиқ) ошган харажатлари қисман қоплаб берилади.

«Истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда ундан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилинади. Ушбу компенсацияни олиш учун фуқаролар „Инсон“ ижтимоий хизматлари марказига мурожаат қилишлари талаб этилади. Компенсация тўловлари Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари асосида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тўлаб берилади», — деди у.

Фаррух Пардаевнинг маълум қилишича, умуман олганда, аҳолининг 65 фоиздан ортиғи электр энергияси ва табиий газни ижтимоий меъёр доирасида истеъмол қилади.

«Аммо куз-қиш мавсумида иситишга талаб юқори бўлгани сабабли аҳолининг энг муҳтож қатламлари ижтимоий ёрдамга кўпроқ муҳтож бўлиши мумкин. Таҳлилларга кўра, оддий ҳолатда 85 фоиздан ортиқ кам таъминланган оилалар электр энергиясини ижтимоий меъёр доирасида истеъмол қилади. Иситиш мавсумида бу кўрсаткич 74 фоизгача тушиб кетмоқда. Худди шундай, оддий ҳолатда 81 фоиз кам таъминланган оилалар табиий газни ижтимоий меъёр доирасида истеъмол қилса, иситиш мавсумида бу кўрсаткич 71 фоизга тушмоқда», — деди у.

Бошқарма бошлиғи ўринбосари ушбу чора-тадбирлар орқали Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларнинг 90 фоиздан ортиғининг ижтимоий ҳимояси таъминланишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади (2019 йил августидан буён илк марта). Шунингдек, энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий норма жорий этилади:

  • электр энергиясига — ойига 200 кВт/соатгача;
  • газ (мартдан-октябргача) — 100 куб метргача;
  • газ (ноябрдан-февралгача, яъни иситиш мавсумида) — 500 куб метргача.