Тошкент шаҳрида 14 апрель куни дуатлон чемпионати ўтказилиши сабаб айрим йўллар ёпилади. Бу ҳақда шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

ЙҲХБнинг маълум қилишича, шу куни дуатлон бўйича ёшлар, қизлар ҳамда ҳаваскорлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати муносабати билан вело ҳамда пиёда марафон ўтказиш режалаштирилган.

Иштирокчилар Махтумқули-Янги Ўзбекистон йўл ўтказгичидан Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб «Янги Ўзбекистон» боғигача бўлган масофани босиб ўтади, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Махтумқули-Янги Ўзбекистон йўл ўтказгичидан Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб «Янги Ўзбекистон» боғигача бўлган масофада транспорт воситаларининг ҳаракати соат 6:00 дан соат 14:00 гача тўлиқ чекланади.

ЙҲХБ ҳайдовчиларга айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қилиб, ноқулайликлар учун узр сўради.