12 апрель куни Бухоро вилоятининг Галаосиё шаҳридаги «Оқшом» тўйхонасида ўтказилган тўйда 53 киши, жумладан, болалар заҳарланди, деб хабар берди Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси.

13 апрелга ўтар кечаси (соат 22:00 дан 03:00 гача) Бухоро вилояти марказий шифохонасига қоринда оғриқ, қусиш, кўнгил айниш, ҳолсизлик шикоятлари билан 16 нафар фуқаро, жумладан, 4 нафар бола мурожаат қилган.

Бухоро туман марказий шифохонасига барча врачлар сафарбар этилган. Шунингдек, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам тегишли мутахассислар жалб этилди ва мурожаат қилганлар тўлиқ кўрикдан ўтказилган.

Барча беморларга «ўткир диарея, гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши; овқатдан заҳарланиш» ташхиси қўйилган ва инфузион терапия бошланган.

Худди шундай шикоят билан қўшни Вобкент тумани тиббиёт бирлашмасига ҳам 37 нафар фуқаро, жумладан, 9 нафар бола мурожаат қилган. Уларга ҳам худди шундай ташхис қўйилган.

13 апрель соат 9:00 ҳолатига кўра, соғлиғи қониқарли бўлган 43 нафар: Бухоро туманида — 11 нафар, Вобкент туманида — 32 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларидан чиқарилган. Кун давомида қолганларни ҳам уйларига жўнатиш режалаштирилган эди.

Тиббиёт ходимлари барча беморларнинг аҳволини назоратга олди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси фуқароларни истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига эътиборни кучайтиришга чақирди.