Рамазон ойида мусулмонлар орасида рўза тутишга оид саволлар пайдо бўлиши мумкин. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати бу мавзуда кўп учрайдиган саволларга жавоб бериб келади. «Газета.uz» уларнинг айримларини матн ва видео шаклида тақдим этади.

Агар Рамазон рўзасини тутиб, фарз намозларни ўқимасак, бунга динимизда қандай қаралади?

Жавоб: Комил мусулмон — Исломнинг фарзларига тўлиқ амал қилувчи кишидир. Зеро, динимиз бешта асос устига бино қилинган.

Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ислом беш нарса устига қурилгандир: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда намоз ва Рамазон рўзаси бир қаторда зикр қилинмоқда. Умуман олганда, намоз ва рўза алоҳида-алоҳида ибодатлар бўлганидан намоз ўқимаган киши ҳам рўза тутиши мумкин. Лекин ўрни келганда намозни қадри жуда юксак эканини, уни тарк қилиш катта гуноҳлигини эслатиб ўтамиз. Намоз ҳар бир балоғатга етган, ақлли кишига фарзи айндир. Қиёматда ҳам биринчи сўраладиган амалдир. Ҳар куни беш марта такрорлангани сабабли, намозни тарк қилган киши бир кунда беш марта катта гуноҳ иш қилган бўлади. Валлоҳу аълам.

Аввал оғиз очиладими ёки шом намози ўқиладими?

Жавоб: Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар…» (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан. Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида ҳадиси шарифда бундай дейилган: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла бундай деди: «Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир», дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар («Раддул муҳтор»). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишлидир. Бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас.

Таҳорат қилмасдан рўза тутса қабул бўлмайдими?

Жавоб: Аслида рўза тутиш учун таҳорат шарт қилинмайди. Таҳоратсиз ҳам рўза тутса бўлаверади. Лекин таҳоратда бошқача бир барокат бор. Таҳоратли ҳолда қилинган дуолар ижобат бўлишга яқинроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун имкон қадар рўзадор одам таҳоратли бўлиб юришга ҳаракат қилиши керак.

Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб рўзани давом эттирса бўладими?

Жавоб: Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.

Саҳарликка ҳеч нарса емасдан оғиз ёпиш мумкинми?

Жавоб: Мумкин. Саҳарликка ҳеч нарса емасдан ҳам ният қилиб олиб, оғизни ёпиш мумкин. Лекин бу хилофи суннат — суннатга хилоф иш бўлиб қолади. Чунки саҳарлик қилиш, саҳарликда барака борлиги ҳақида жуда кўп ҳадислар бор. Бундай ҳолатда ҳеч бўлмаса бир қултум бўлса ҳам сув ичиб олинса, ҳадисларга, суннатга амал қилинган бўлади.

Жунуб ҳолатда саҳарлик қилса бўладими?

Жавоб: Саҳарлик вақти тугашига оз қолган бўлса, жунуб киши оғзи, бурнини яхшилаб чайиб, саҳарлик қилади. Субҳи содиқ кирганидан кейин ғусл қилаверади. Жунуб ҳолатда рўзани бошлаш рўзага путур етказмайди.

Рўзадор инсон ғарғара қилса бўладими?

Жавоб: Бундан қайтарилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) таҳорат олиш, ғусл қилиш вақтида оғизга, бурунга сувни чуқур олиб, ғарғара қилишга буюрганлар, илло рўза пайтида бундай қилмайсан, деганлар. Демак, рўза пайтида хоҳ ғусл қилинсин, хоҳ таҳорат қилинсин, ғарғара қилиб, муболаға билан чайилмайди. Чунки сувнинг димоғдан ёки томоқдан ичкарига ўтиб кетиш хавфи бор, ўтиб кетса рўза бузилиб қолади.

Рўзадор инсон сақич чайнаса бўладими?

Жавоб: Рўзадор киши сақич чайнаши макруҳ. Бу ичига сақич кетмаган ҳолатда. Ичга кетса рўза бузилади.

Эътиборли томони фиқҳ китобларимизда айтилган сақичлар ҳозирги замонавий сақичлардан фарқ қилган. Яъни, замонавий сақичларнинг таъми, шираси жуда ўткир. Уларни ютилиб кетиш эҳтимоли ҳам анча юқори. Шу сабабли рўзани бузилишига олиб борадиган ишлардан қочиш керак, жумладан, сақич чайнашдан ҳам. Валлоҳу аълам.

Рўзадор киши сўлагини ютса бўладими?

Жавоб: Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. Рўзадор оғзида туфугини йиғиб кейин ютиб юборса, рўзаси бузилмайди. Қасддан сўлагини оғзида тўплаб ютиш эса макруҳ бўлади.

Баъзан киши рўзалигини унутиб, билмай овқат еб қўйиши ёки сув ичиб қўйиши мумкин. Бунда рўза бузиладими?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар қай бирингиз унутиб еб-ичиб қўйса, рўзасини камолига етказаверсин. Уни Аллоҳ едириб-ичирибди». Яъни, ким рўзалигини унутиб, ул-бул нарса еб ёки ичиб қўйса, кўнгли хижил бўлмасин ва рўзасини тутишда давом этсин. Демак, уни Аллоҳ таоло меҳмон қилибди.

Кўз ёши ёки юздан оққан тер оғиз ичига кирса, рўзага таъсир қилмайдими?

Жавоб: Бунинг ҳолатига қаралади. Бир-икки томчи бўлса, бу билан рўза бузилмайди. Лекин кўп бўлиб, ҳатто кўз ёшни ёки тернинг таъмини ҳис қиладиган даражада бўлса, рўза бузилади.

Рўзадор кишининг оғзига ёмғир ёки қор парчаси кирса, рўза бузиладими?

Жавоб: Рўзадор кишининг оғзига беихтиёр ёмғир томчилари ёки қор парчалари кириб, томоғидан ўтса, рўзаси бузилади ва қазо рўза тутиши вожиб бўлади.

Бу ҳақда Ҳанафий фиқҳий манбаларимизда шундай дейилади: «Рўзадорнинг томоғига кўз ёшлари, тер томчилари, бурнидан оққан қон, ёмғир ёки қор етса, рўзаси бузилади. Чунки гоҳида оғизни очиб, гоҳида юмиб, томоққа юқорида саналган нарсалар кетишидан сақланиш осон. Агар мазкур нарсаларни билиб туриб ютса, каффoрaт вожиб бўлади» («Баҳрур роиқ» китоби).

«Ёмғир ва қор (томоқдан ўтса рўзани бузиши) ҳақида уламолар ихтилоф қилишган, тўғрироғи рўзани бузади. Чунки ундан чодир ёки бошқа бошпана ёрдамида сақланиш мумкин"(«Иноя шарҳул ҳидоя» китоби).

«Ёмғир ва қор рўзадорнинг томоғига кирса, рўзасини бузади. Бу саҳиҳ қавлдир. „Заҳирия“ китобида шундай келган» («Фатовои ҳиндия» китоби). Валлоҳу аълам.

Рўзадор саҳарликда истеъмол қилган озуқаси оғиз ёпилгандан сўнг кекирганда томоқ йўли орқали оғзига қайтиб чиқса ва уни қайта ютса, рўзаси бузиладими?

Жавоб: Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса, рўза очилади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: „Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб қайт қилган бўлса, қазо тутсин“, деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди.

Бу ҳақда Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: «Қайт рўзадорга ғолиб келсаю, оғиз тўлмайдиган миқдорда қайт қилса ва беҳосдан ютилиб кетса унинг рўзаси бузулмайди. Бунга уламолар иттифоқ қилишган» («ал-Мабсут»).

Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса Имом Абу Юсуф (р.а.)га кўра рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Имом Муҳаммад (р.а.)га кўра эса рўза бузилмайди. Рўзадор ушбу ҳолатда қайтни ютмасликка имкони бор бўла туриб, ютиб юборса унинг рўзаси бузилишига уламоларимиз иттифоқ қилишган.

Қайтда оғиз тўлиш миқдори борасида ҳам уламоларимиз турли қарашларни айтиб ўтишан. Жумладан, Бурҳониддин ибн Моза ал-Бухорий бу ҳақда шундай деганлар:

«Қайтда оғиз тўла бўлишининг чегараси уни оғизда ушлаб тура олмаслик билан белгиланади. Баъзи ўринларда эса уни «Оғиздан чиқариб ташлашдан бошқа чора қолмаган»лик билан изоҳланган. Фақиҳ Абу Жаъфар Ҳиндувоний: «Қайтда оғиз тўлиши — у билан киши гапира олмай қолиши билан ўлчанади» деган» («ал-Муҳийтул Бурҳоний»). Валлоҳу аълам.

Рўзадор инсон тиш пастасидан фойдаланса бўладими?

Жавоб: Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди.

Фиқҳий китобларимизда бундай дейилган: «Рўзадор бирор нарсани татиб кўрса, рўзани очувчи сурат ва моҳият топилмагани учун рўза очилмайди. Лекин бундай қилиш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда рўзани бузувчи омилга яқин келтириш бор» («Ҳидоя»).

Шунга кўра кўпчилик замонамиз уламолари рўзадор ҳолда тиш пастасидан фойдаланмасликни балки, уни саҳарликдан аввал ёки ифтордан кейинга қолдиришни тавсия этадилар. Зеро, ибодат масаласида эҳтиётини олиш афзал саналади.

Қолаверса, Рамазон ойининг кундузлари тишларни тоза сақлаш учун мисвокдан фойдаланиш ҳам мумкин. Чунки мисвок ишлатиш билан рўза очилмайди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ундан кўп марта фойдаланганлари далил бўлади.

Омир ибн Рабийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб адоғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман» (Имом Аҳмад ривояти).

Бунда, милклар қонаса ёки оғизга сув тўпланса, ютиб юбормаслик шарт қилинади.

Рўзадор кишининг тоби қочса, унга укол қилиш мумкинми?

Жавоб: Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари танага бир нарса кириши билан рўза бузилади, деганлар. Шунинг учун рўзадор укол олса, рўзаси бузилади.

Агар ўта зарурат бўлмаса, уколни ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олгани маъқул. Лекин рўза тутганида соғлиги ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасининг қазосини Рамазон тугаганидан кейин тутиб беради.

Рўзадор зонт ютиши мумкинми?

Жавоб: Ошқозон текширув мосламаси (зонт) деганда — оғиз орқали ютилиб, бир учи ташқарида қолиб, иккинчи учи ошқозонга етиб борадиган тиббий қурилма тушунилади. Ушбу мосламадан асосан ошқозонни тасвирга олиш ва ундаги касалликка ташхис қўйиш учун фойдаланилади. Ташхис амалиёти тугаганидан сўнг мазкур мослама оғиз орқали қайта чиқариб олинади.

Бемор рўзадор ҳолида ошқозон текширув мосламаси (зонт)ни қуруқ ҳолида ютса, унга ёғ ёки бирор дори воситаси суртилмаган бўлса — бу унинг рўзасини бузмайди. Чунки ҳанафий мазҳабининг умумий қоидасига кўра қорин қисми (жавф)га кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани бузади. Бу ҳақда Имом Косоний бундай дейдилар: «Ичкарига кирган нарсанинг ўша ерда ўрнашиб қолиши рўза бузилишининг шартидир» («Бадойиъус Санойиъ»).

Фиқҳий манбаларимизда ушбу қоидага қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтирилган: «Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса (яъни ютса), ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади» («Баҳрур-роиқ»).

Демак, ошқозон текширув мосламасининг бир учи ташқарида қолиб, тўлиқ ичкарига кирмагани ҳамда ошқозонда ўрнашмагани сабабли рўзани очмайди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтиб ўтилганидек зонт ютиш жараёнида унга ёғ ёки дори суртилмаган, қуруқ ҳолатда бўлиши лозим. Акс ҳолда рўза очилади. Воқеликда эса ёғ суртилмаган ҳолда зонт ютиш бемор учун катта машаққат туғдиради. Баъзан мослама учидаги тасвирга олиш қурилмасини ошқозонга сув юбориш орқали тозалаб туриш зарурати пайдо бўлади. Сувнинг ичкарига кириши билан шубҳасиз рўза бузилади.

Зонт орқали ошқозонни текшириш асносида юқоридаги каби ноқулайликлар келиб чиқадиган бўлса, бемор шариатнинг умумий рухсатидан фойдаланиб, ўша кунги рўзани Рамазондан кейин бир кун тутиб бериши мумкин.

Ошқозонида яраси бор одам рўза тутиши фарзми ёки фидя бериб юрса хам буладими? Умуман олганда, рўзанинг фидясини кимлар беради?

Жавоб: Фидя — киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир. («Лисонул араб»).

Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.

Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар;

Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар. («Баҳрур роиқ»).

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: «(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир» (Бақара сураси, 184-оят).

Фидя — Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир. Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тахминан икки килограмм) ёки бир соъ хурмо ёҳуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори белгиланиб, эълон қилинади. 2024 йил учун фидя ва фитр садақасининг миқдори бир хил бўлиб, қуйидагича белгиланди:

Буғдойдан
14 минг сўм
Арпадан
20 минг сўм
Майиздан
110 минг сўм
Хурмодан
180 минг сўм


Ҳар ким ўз имкониятига қараб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр ва фидя миқдорини ажратиши мумкин.

Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради. («Фатовойи Ҳиндия»).

Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин. («Раддул муҳтор»).

Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.

Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари вожиб бўлади. («Раддул муҳтор»).

Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди. («Раддул муҳтор»).

Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.

Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин «Mен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман» демоқдалар.

Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган.

Рўза пайтида хотин-қизлар атир-упадан фойдаланишлари мумкинми? Ундан фойдаланганида рўза очилиб кетмайдими?

Жавоб: Рўза очилмайди, чунки бу рўзани бузувчи амаллар сирасига кирмайди.

Рўзадор одам сочини олса бўладими?

Жавоб: Рўзадор вақтида соч олишнинг рўзага, ҳатто таҳоратга ҳам таъсири йўқ. Рўза бирор нарса кириши билан очилади. Сочни калталатса ёки тирноқларни олса, бундай нарсалар билан рўза очилмайди.

Рўзадор киши кундузи ювиниши мумкинми?

Жавоб: Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиб, албатта, ювиниши шарт ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Бу мавзуда «Ал-Фатовол ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: „Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас“. Мана шу гап устунроқ, „Муҳити Сарахсий“ китобида шундай келган».

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин, масалан, кун қаттиқ исиб кетганда ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.

Хонадонда исириқ тутатса, рўзага зарар етмайдими?

Жавоб: Агар исириқ тутатилиб, унинг тутунини ютсангиз, рўза очилиб кетади. Шунинг учун уни ифтордан кейин тутатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Рамазон ойида ҳайз кўрган аёл киши қандай йўл тутади?

Жавоб: Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган.

Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: «Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию, намозни қазосини ўқимайди?» деб сўради. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: «Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар.

Ушбу ҳукм фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган: «Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади» («Ҳидоя»).

«Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади» («Ал-Мухтор»).

«Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади» («Умдатур риъоя»).

Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлиғига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.

Ҳомиладор ёки эмизиклик аёл рўза тутиши мумкинми?

Жавоб: Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзининг жонига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: «Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўз жонига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффорат лозим бўлмайди. Зеро, „Хулоса“ китобида шундай дейилгандир» («Фатавои ҳиндия»).

Бошқа бир манбада бундай дейилади: «Ҳомиладор ва эмизикли аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўзани очиши жоиз. Бу рухсат қийинчиликни кетказиш учундир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган», деганлар (Имом Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилган).

Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди. Бу қўрқув ё тажрибалар натижасида пайдо бўлган кучли гумон билан ёки мусулмон, моҳир табибнинг хабар бериши билан юзага келади. «Фатавои Зоҳирия» китобида шундай келган. Агар ҳомиладор ёки эмизикли аёл боласи ё ўзининг жонига зарар етишидан қўрқмаса, рўзани очишига рухсат берилмайди" («Баҳрур-роиқ»).

Демак, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутса боласига ёки ўзининг жонига зарар етишини тажриба орқали билса, ёки буни тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар берса, рўза тутмайди. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар фарзанди ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шартдир. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим.

Мен айни пайтда олийгоҳда талабаман. Шунинг учун рўза тутишга қийналаман. Бир китобда рўза тутишга қийналадиган киши ифторлик қилиб бериш керак деб, ўқиган эдим. Агар мен дўстларимга ифторлик қилиб берсам рўза тутганлик савобини оламанми?

Жавоб: Динимизда мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини тутишга буюрилганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Рамазон ойида рўза тутиш Исломнинг беш асосий устунларидан биридир. Рамазон рўзаси соғлом, муқим, оқил ва балоғатга етган ҳар бир мусулмонга фарздир. Рўза тутишни ният қилиш, рўзани бузадиган амаллардан узоқ бўлиш ва аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлишлари рўзанинг тўғри бажариш шартларидан саналади.

Рамазон рўзасини тутган банда бўйнидаги бандалик мажбуриятни бажарган бўлади ва охиратда Аллоҳ таоло томонидан улуғ мукофот ва ваъда қилинган неъматларга эришади. Уни адо этишга лаёқатли бўла туриб, тарк қилган киши эса қаттиқ гуноҳкор бўлади ва охиратда азобга қолади. Ривоятларда Рамазон рўзасини узрсиз қолдирган кимса бутун умр рўза тутса ҳам, ўша қолдирган бир куннинг ажрини топа олмаслиги таъкидланган.

«Кимки узрсиз ва касал бўлмасдан Рамазондан бир кунини рўза тутмай ўтказса, унинг қазосини умр бўйи тутган рўзаси ҳам тўлдира олмайди» (Имом Насоий ривояти).

Касал, мусофир, ҳайз ва нифос кўрган аёллар, рўза тутиш ўзига ёки боласига зарар берадиган ҳомиладор ва эмизикли аёллар кейинчалик қазосини тутиб беради.

Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликлари ва унинг ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришларига рухсат берган:

1) Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.

2) Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар.

Ушбу икки ҳолатга тушмаган мусулмон киши Рамазон рўзасини тарк қилиши ва унинг ўрнига фидя бериши мутлақо мумкин эмас. Рўза тутиш сабабидан иш ёки ўқишда қийинчиликка дуч келиш каби важлар шаръий узрга ўтмайди. Дўстларига ифтор қилиб бериш билан зиммасидаги фарз рўза адо бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Бу йил рўза тутаяпман. Аммо биринчи ўринда озиш учун рўза тутаман, дегандим. Яқинда дугонам бунақа ният билан тутилган рўза қабул бўлмайди, деди. Шу ростми?

Жавоб: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини имон келтириб, савоб умидида тутса, аввал қилган гуноҳи кечирилади», дедилар.

Ҳадиснинг маъноси: «Аллоҳнинг ваъда қилган савобига ишониб, риё ва бошқа мақсадда эмас, балки Аллоҳнинг мукофотидан умид қилиб тутсагина гуноҳи кечирилади», дейилади. («Фатҳул борий» китобидан).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида шундай дедилар: «Одам боласининг барча амалига (савоб) кўпайтириб берилади. Бир яхши амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бор. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза ундай эмас. Унинг мукофотини Ўзим бераман. Ахир бандам шаҳватини, таомини Мен учун тарк қиляпти», деб айтади.

Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: бири ифтор вақтида, иккинчи хурсандчилик эса Роббисининг ҳузурига борганда. Шу сабабли сиз энг аввало рўзанинг савобидан умид қилиб рўза тутинг.

Менинг Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми?

Жавоб: Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний «Бадои-ус санои» китобида шундай дейди: «Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди».

Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида шундай дейилган: «Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади». Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.