Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди Тошкент шаҳрида ўз ўғлини бошқа болани калтаклашга мажбурлаган эркакка 10 сутка қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 21 март куни 10 ёшли Т.М. ўзига тенгдош қўшниси Х.К. билан уришиб қолган. Т.М.нинг отаси Э.М. эса уларнинг жанжалини кузатиб, болаларни ажратмай, аксинча, ўғлига қўшнисини уришига имкон яратган ва ўзи ҳам уришга кўмаклашган. Бу ҳолатда эркак болалар бир-бирини калтаклашига шароит яратган ва жанжални давом эттиришга ўғлини мажбурлаган.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам ҳолат юзасидан маълумот берган ва ички ишлар бўлими суриштирув ишларини бошлагани ҳамда ҳолатни туман ҳокими шахсан назоратига олганини таъкидлаган.

Омбудсман идораси болалар жанжал оқибатида жароҳат олмаганини маълум қилди.

Суд эркакни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 188−1-моддаси (Вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топди.

Ҳибсга олишдан ташқари, отага БҲМнинг 10 баравари — 3,4 миллион сўм миқдорида жарима тайинланди.