9 июнь куни соат 15:00 атрофида Навоий вилояти Нурота туманида 3 та автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon ахборий дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, ҳодиса туманга кираверишдаги Деҳибаланд қишлоғи ҳудудидан ўтган Навбаҳор-Нурота йўлида содир бўлган. Onix ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишда кетаётган Damas автомашинасини қувиб ўтмоқчи бўлган. Шу пайтда қарама-қарши томондан келаётган Gentra билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида Onix автомобилида бўлган бир оиланинг 5 нафар аъзоси ва Gentra ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Қурбонларнинг икки нафари воқеа жойида, 4 нафари эса шифохонада вафот этган.

«Халқ сўзи»нинг вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги манбасига кўра, Onix`да 36 ёшли эркак, унинг 58 ёшли онаси, турмуш ўртоғи, 2 ёшли ўғли ҳамда 2 ойлик қизи бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.