Тармоқларда Бухоро вилоятидан йўллар бўйлаб, далаларда ва тунда ёруғлик манбалари атрофидаги аҳоли пунктларида тўпланиб қолган чигирткалар галаси учаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги «ҳашаротларнинг кўпайишига қарши курашиш учун зарур чоралар кўрилаётганини» маълум қилди. Жумладан, 9 июнь куни кечқурун Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги Газли массивида чигиртка ва тут парвоналарига қарши курашиш хизмати мутахассислари томонидан кимёвий тозалаш ишлари олиб борилди. «Зарарли ҳашаротларнинг тарқалиш хавфи бартараф этилди», — дейилади хабарда.

Кейинроқ, 11 июнь куни агентлик Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида тунги кимёвий ишлов бериш тадбирлари тонгга қадар олиб борилиб, саксовул букур чигирткаси бартараф этилаётгани ҳақида хабар берди.

Таъкидланишича, бу турдаги чигирткалар саксовул билан озиқланади, экинлар ва яйловларга хавф туғдирмайди. Шундай қилиб, кимёвий кураш тадбирлари саксовул плантацияларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Алоҳида эътибор трансчегаравий ҳудудларга қаратилиб, қўшни давлатлардан зарарли ҳашарот кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган, дейилади хабарда.

Чигирткага қарши кураш тадбирларини зарарли чигиртка 3−4 ёшида бўлганида ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу зараркунанда қанот чиқаргунигача бўлган фаза ҳисобланади. Сабаби чигиртка қанот чиқарганидан сўнг бир кунда камида 50−60 километр масофани босиб ўтиши ва йўлида учраган барча яшилликни еб битириши мумкин.

2023 йил сентябрь ойида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги чигирткаларга қарши курашни яхшилаш бўйича БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) лойиҳаси доирасида саккизта махсус жиҳозланган Toyota Hilux автомобилини олганди.