11 июнь куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида Саидазиз Саидалиев («Саидазиз медгородок»)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича биринчи инстанция суди жараёни бошланади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган йил декабрь ойида жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича ўтказилган рейдлар давомида Тошкент шаҳри ИИББ ходимлари «Саидазиз медгородок» ва яна бир неча кишини товламачилик иши бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олганди. Улар қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларнинг муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик билан шуғуллангани тахмин қилинмоқда.

Судга М.Мирзажонов раислик қилади. У жами 29 кишининг жиноят ишини кўриб чиқади:

  1. С. Саидалиев;
  2. М. Мирходжаев;
  3. Ш. Самиев;
  4. А. Акрамов;
  5. И. Сатвалдиев;
  6. Ф. Алимов;
  7. Р. Бобоназаров;
  8. Л. Шомуродов;
  9. Н. Туляганов;
  10. Ш. Қуватов;
  11. Ғ. Ўринбоев;
  12. У. Махмудов;
  13. А. Нурматов;
  14. Б. Эркинов;
  15. А. Юлдашев;
  16. С. Усмонов;
  17. Д. Умирзаков;
  18. Т. Абдумаликов;
  19. Д. Бадалов;
  20. У. Рахимов;
  21. Д. Хошаков;
  22. З. Қаюмов;
  23. Б. Муминов;
  24. Д. Юнусов;
  25. Д. Султанов;
  26. Б. Самадов;
  27. Х. Рискиев;
  28. Б. Раҳмонов;
  29. Ё. Сотиволдиев.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, улар Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда:

  • 112 (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш);
  • 165 (Товламачилик);
  • 168 (Фирибгарлик);
  • 182 (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш);
  • 227 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
  • 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
  • 229 (Ўзбошимчалик);
  • 236 (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш);
  • 237 (Ёлғон хабар бериш);
  • 238 (Ёлғон гувоҳлик бериш);
  • 242 (Жиноий уюшма ташкил этиш);
  • 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);
  • 277 (Безорилик);
  • 28,211 (Пора беришда иштирок).

28 нафар судланувчига нисбатан қамоққа олиш ва 1 нафарига муносиб хулқ атворда бўлиш тўғрисида тилхат тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.