Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мозаикали турар жой биноларини реклама баннерларидан тозалаш ишлари якунланганини маълум қилди. Хусусан, Миробод ва Олмазор туманларида энг сўнгги рекламалар олиб ташланди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Иш билан тўртта ташкилот — Рақамли ривожланиш департаменти, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Маданий мерос агентлиги ва Антимонополия қўмитаси мутахассислари шуғулланди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бошқарма 2021 йилдан буён мозаикаларни асраб-авайлаш муаммоси билан шуғулланиб келади. Кампания бошланишида мутахассислар ҳужжатларни тўплашган, мозаикаларни ўрганишган, илмий эксперт маслаҳатларини ўтказишган ва панноларни Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритишган.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Март ойининг охирида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент шаҳри ва республика вилоятларидаги 157 га яқин мозаик панно монументал санъат ёдгорликлари сифатида Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди. Улардан 117 таси пойтахтда. Мозаикаларнинг аксарияти, рўйхатга кўра, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида жойлашган.

Ҳукумат қароридан сўнг, апрелдан июнгача Тошкентда 40 дан ортиқ паннолар рекламадан озод қилинди.

«[Ҳужжат эълон қилинишидан олдин] мозаикалардан реклама баннерларини олиб ташлаш нафақат биз, Маданий мерос агентлиги ва ҳокимлик томонидан, балки хусусий ташкилотлар томонидан ҳам тарғибот кампаниялари доирасида амалга оширилди», — дея таъкидлади жамғарма.

маданий мерос, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, мозаика

Шундай қилиб, дастурнинг бутун даврида Тошкент шаҳридаги турар жой бинолари фасадида жойлашган 70 та мозаика ва паннодан рекламалар олиб ташланди. Турар-жой бўлмаган биноларда жойлашган ва рекламадан тозаланган мозаикалар сонига ҳозирча аниқлик киритилмади.

Ташқи реклама лойиҳа офиси раҳбари ўринбосари Лазизбек Тошқуловнинг айтишича, айрим реклама агентликлари мозаикалардаги баннерларни демонтаж қилгандан сўнг, уй-жой мулкдорлари ширкати ёки бошқарув компанияси билан тузилган шартнома асосида уларни яна жойига қайтарган. Хусусан, Олмазор туманида бир неча шундай ҳолатлар қайд этилган. Улар Реклама лойиҳа офисининг ходимлари томонидан яна қайта демонтаж қилинган.

Лазизбек Тошқулов, шунингдек, кўп қаватли турар-жой биноларининг юқорисида жойлашган кўплаб паннолар реставрацияни талаб қилишини таъкидлади. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси уларни сақлаш дастури ишлаб чиқилганми ёки йўқлигига ҳозирча жавоб бермади.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Рақамли ривожланиш департаменти «Тошкент мозаикалари» лойиҳасини ишга туширганди. Унда пойтахтдаги 390 та, жумладан, 15 та йўқолган мозаика ҳақидаги фотосуратлар ва маълумотлар мавжуд.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Рақамли ривожланиш департаменти ва Маданий мерос агентлиги жамоатчиликка мозаикани асраб-авайлаш дастуридаги иштироки учун миннатдорчилик билдирди. Ташкилотларнинг эслатишича, мозаикалар ҳақидаги маълумотларни ҳали ҳам mosaic@acdf.uz электрон почта манзилига ёки «Тошкент мозаикалари» веб-сайтидаги Қайта алоқа бўлими орқали юбориш мумкин.