Самарқанд вилояти Нуробод туманида 4 июнь куни вояга етмаганлар ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса соат 16:30 да туманнинг Меҳнаткаш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Самарқанд-Ғузор А-378 автомобиль йўлининг 35-километрида рўй берган.

25 ёшли ҳайдовчи П.Ё. «КамАЗ-53212» юк автомашинасида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакчасидан ўтаётган Ж.Ф. (аёл) ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандини уриб юборган.

Оқибатда 2 бола воқеа жойида ҳалок бўлди, уларнинг онаси Самарқанд тумани марказий шифохонасига ётқизилди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, ҳайдовчи ушланди, тергов кетмоқда.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда ҳам шаҳарлардаги, ҳам шаҳарлараро автомобиль йўлларда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида мунтазам равишда пиёдалар билан тўқнашувлар содир бўлади.