Таиланд 1 июндан Ўзбекистон учун визасиз режим жорий қилаётгани ҳақида ёзгандик. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурханов бу бўйича Таиланд томони ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилгани йўқлигини маълум қилди.

«29 май куни Таиланд оммавий ахборот воситаларида мамлакат иқтисодиётини рағбатлантириш мақсадида ҳукумат виза қоидаларини юмшатишни ўз ичига олган иқтисодий рағбатлантириш режасини эълон қилгани тўғрисида ахборот тарқатилди. Унга кўра, Таиландга 60 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони амалдаги 57 тадан 93 тага кўпаяди, 36 та янги давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган», — дейилади ТИВ хабарида.

Таъкидланишича, ушбу масала бўйича мамлакатнинг Бангкокдаги бош консулхонаси Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланган. Таиланд ТИВ консуллик департаменти маълумотига кўра, виза режимининг узайтирилиши тўғрисида ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилингани йўқ.

«Таиланд ТИВ минтақавий бошқармаси маълумотига кўра, виза тартибини соддалаштириш бўйича ҳукумат қарори мавжуд ва бу бўйича консуллик департаменти томонидан Таиланднинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига тегишли йўриқнома юборилади ва ТИВ сайтида расмий маълумот чоп этилади», — дея қайд этилди ТИВ хабарида.

«Бир томонлама жорий этилаётган виза режимини соддалаштириш тартиби маълум муддатдан сўнг бекор қилиниши мумкин», — деб ёзди Ахрор Бурханов.

Ўзбекистон ТИВ Таиланд томонидан расмий нота олиниши билан қўшимча хабар берилишини қўшимча қилди.

Аввалроқ янги ўзгариш билан, ташриф буюрувчиларнинг қолиш муддати 60 кунгача узайиши, бундан ташқари, ишлаш ва зиёрат туризмини хоҳловчилар 180 кунгача бўлган муддатга амал қиладиган беш йиллик визаларни олишлари мумкинлиги маълум қилинганди.

Қайд этилишича, олий таълим мақсадида келган чет эллик талабалар ўқишни тугатгандан сўнг дарҳол мамлакатни тарк этишлари шарт эмас, балки бир йил давомида қолишлари мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Таиландга етиб боргандан сўнг 30 кун қолиш шарти билан виза олишлари керак.