Анқара шаҳридаги Президент саройида Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Қурбон ҳайити билан бир-бирини табриклади. Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ҳамкорлик юқори суръатда давом этаётгани, барча даражалардаги алоқалар ва алмашинувлар шиддатини қайд этди.

«Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар кўрсаткичлари ортиб бормоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони кўпаймоқда. Ўзаро маданий тадбирлар ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматига кўра, ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилиб, унинг натижасида саноат, «яшил» энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик дастури доирасида янги лойиҳаларнинг катта портфели шакллантирилган.

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш, жумладан, Имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулот турларини кенгайтириш вазифаси қўйилди. Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Давлат раҳбарлари раислигидаги Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши 6 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Президентлар қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш масалаларини ҳам кўриб чиқди.

Улар хавфсизлик ва мудофаа, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Томонлар фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олди. Таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлат фуқароларининг борди-келдиси учун энг қулай шароитларни яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалаларини, жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини ҳам кўриб чиқди.