Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори доктор Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинган.

Томонлар қисқа муддат ичида ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилганини таъкидлаган. Аъзо мамлакатлар билан фаол музокаралар олиб борилмоқда, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш шартлари муҳокама қилина бошланди, миллий қонунчиликни ташкилотнинг меъёр ва қоидаларига мувофиқлаштириш ишлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Шунингдек, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, электрон савдо ва рақамли хизматлар экспортини ошириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилган.

Хабарда айтилишича, сиёсатчилар халқаро савдони тартибга солиш масалалари бўйича ўзбекистонлик экспертларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратган.

«Шу маънода ЖСТнинг кўмаги билан Ўзбекистонда Савдо сиёсати бўйича компетенция марказини ташкил этиш таклиф этилди», — дейилади унда.

Давлат раҳбари ЖСТ бош директорини давра суҳбатида иштирок этгани ва Ўзбекистоннинг етакчи университетлари талабалари билан учрашгани учун миннатдорлик билдириб, унга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвони берилгани билан табриклаган.

Якунда Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.