Ўзбекистонда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилади. Бу президентнинг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Фармонга кўра, инспекция Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида очилади.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳамда ушбу жараёнлар устидан назоратни таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш инспекциянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

2024 йил 1 октябрдан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:

  • йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;
  • алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;
  • алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил августдан алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилганди. Эски намунадаги акциз маркаларидаги маҳсулотларни 5 ой мобайнида сотишга рухсат берилган. 2024 йил 1 ноябрдан эса эски намунадаги акциз маркасидаги маҳсулотлар савдосига қарши курашиш бошланиши хабар қилинганди.