1 августдан алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорида сўз боради, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати.

Бунда ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи ташкилотлар маҳсулотларга янги намунадаги акциз маркаларини ёпиштириши керак. Алкоголь ва тамакини ишлаб чиқаришда (импорт қилишда) эски намунадаги акциз маркаларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бироқ маҳсулот қолдиқларини 5 ой мобайнида сотишга рухсат берилади.

Улгуржи ва чакана савдо тармоғида эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган маҳсулотлар белгиланган муддатдан кейин 12 ой ўтгач маркаланмаган деб ҳисобланади ва олиб қўйилади.

2024 йил 1 ноябрдан эса эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш, уларнинг олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ҳамда сотилишининг олдини олиш чоралари кўрилади.

Қарорга кўра, ароқ маҳсулотларини сақлаш ва яроқлилик муддати ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил равишда 24 ойгача этиб белгиланади.