Ҳиндистонда бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукмрон миллатчи «Бҳаратия жаната партияси» (БЖП) янги парламент таркибида устунликни қўлга кирита олмади, деб ёзмоқда Guardian.

Сайловлар натижасида БЖП 62 та ўрин йўқотган ҳолда 240 ўринга эга чиқди. Парламентда устунликни қўлга киритиш учун зарур бўлган чегара — 272 ўрин. Сайлов кампанияси бошида Моди ўз олдига катта мақсад қўйганди — 400 ўринни қўлга киритиш, шундан 370 та ўринни бевосита унинг партияси назорат қилиши керак эди.

Бу ҳолат Модини 2014 йилда ҳокимиятга келганидан бери биринчи марта «Миллий демократик альянс» (МДА) коалициясидаги ҳамкорлари билан музокаралар олиб боришга мажбур қилади. Улар биргаликда парламентдаги 543 ўриндан 292 тасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу уларга кейинги беш йил давомида коалицион ҳукумат тузиш ва Модини учинчи муддатга бош вазир лавозимига қайтариш имконини беради.

БЖП ва Модининг асосий рақиби — «Ҳиндистон миллий конгресси» (ҲМК) — бошчилигидаги INDIA мухолифат блоки 230 дан ортиқ ўринни қўлга киритди. Сайлов арафасида ҳукмрон партияга қарши чиқиш учун йигирмадан ортиқ партия ҲМКга қўшилди.

ҲМК раҳбари Раҳул Ганди — Ҳиндистон собиқ бош вазири Ражив Гандининг (1984 йилдан 1989 йилгача) ўғли ва мамлакатда нуфузли бўлган Неру-Ганди сиёсий клани вакили.

Сўнгги 15 йилдаги энг ёмон натижага қарамай, Моди МДА ғалабасини «тарихий ютуқ» деб атади ва ўз ишини давом эттиришга ваъда берди.

Ҳиндистон парламентининг қуйи палатасига сайловлар 19 апрелда бошланди ва дунёдаги энг йирик сайловларга айланди. Уларда 640 миллиондан ортиқ киши иштирок этди. Овоз бериш олти ҳафта давомида етти босқичда бўлиб ўтди ва 1 июнь куни якунланди.

Нима учун БЖП ёмон натижа кўрсатди?

Ижтимоий сўровномалар ҳукмрон партиянинг мутлақ ғалабасини прогноз қилган эди, бироқ мухолифат кутилганидан анча муваффақиятли чиқди. BBC`нинг таъкидлашича, таҳлилчилар БЖП муваффақиятсизлигини нархлар ошиши, юқори ишсизлик ва армиянинг зиддиятли ислоҳоти билан боғламоқда. Яна бир сабаб — Модининг агрессив кампанияси, у жараён давомида мухолифат ва мусулмонларга нисбатан бир қатор нохуш баёнотлар берди. Бу Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида сайловчилар фикрини ўзгартирган бўлиши мумкин.

Раҳул Ганди бошчилигидаги мухолифат чекланган ресурслар ва ҳокимият босимига қарамай, кучли кампания олиб борди. Унинг бир қанча таниқли арбоблари, жумладан, Деҳли бош вазири ва «Ам Адми партияси» раҳбари Арвинд Кежривал ҳибсга олинган ёки тергов остида бўлган, солиқ идоралари ҲМКнинг банк ҳисобларини музлатиб қўйган.

ҲМК, шунингдек, Ҳиндистонда ўсиб бораётган ижтимоий-иқтисодий тенгсизликка эътибор қаратди ва, агар ғалаба қозонса, аҳолини касталарга асосланган ҳолда рўйхатга олишга ваъда берди.

«Биз мухолифат блоки кутилганидан кўра сиёсий ва зийрак чиққани учун қойил қолишимиз керак. Кўпчилик мухолифат ўлишига қўйиб берди ва у сўнгги бир неча йил ичида БЖПнинг иқтисодий стресс ёки ҳинд миллатчилигига қаршилик каби бир қатор заифликларидан фойдаланишини кутмаган эди», — таъкидлади Жанубий Осиё институти (АҚШ) директори Майкл Кугельман Guardian нашрига берган изоҳида.

Таҳлилчиларнинг фикрича, сайлов натижалари Ҳиндистон сиёсий манзарасига катта таъсир кўрсатади. «Бу сайлов эмас, балки ўзига хос сиёсий зилзила», — деди Bloomberg`га Observer тадқиқот фонди катта илмий ходими Ниранжан Саху. Бош вазир ўз лавозимида қолса ҳам, унинг позицияси сезиларли даражада заифлашади ва «аввалги Моди бўлмайди», дея қўшимча қилди эксперт.