Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, дунёда иқтисодий вазият қийинлашган ҳозирги шароитда кўпроқ иш ўрни яратадиган, инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарур. Бу соҳага йўналтириладиган ҳар бир доллар келгусида 3−4 баробар даромад келтиради, ҳар бир янги иш ўрни бошқа тармоқларда яна 2 та иш жойи ҳосил қилади, деди у.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти форуми доирасида 2 миллиард 300 миллион долларлик инвестициявий келишувларга эришилган бўлса-да, 15 та лойиҳа бўйича ҳеч қандай тараққиёт йўқ, деди президент.

Давлат раҳбари Шаҳрисабз туманидаги Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари оралиғидаги 3 минг гектар майдонда хорижий инвесторлар томонидан тоғ-чанғи мажмуаси қурилиши бошланганини таъкидлади. Мираки қишлоғининг мастер режаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Дам олиш маскани қурилиши 2023 йил декабрь ойида Қашқадарё ҳокими Муротжон Азимовнинг Россиянинг «Казанские канатные дороги» компанияси ва «Гордеев» архитектура бюроси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувидан сўнг маълум бўлганди. Қиймати 300 миллион долларга тенг бўлган мажмуа 8,6 км узунликдаги учта дор йўл, уч ва беш юлдузли меҳмонхоналар ва бошқа объектларни ўз ичига олади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2026 йил охирида якунланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти томонидан 2024 йилги туризм пойтахти деб эълон қилинган.

Туризм қўмитаси раҳбари Умид Шадиев ва экология вазири Азиз Абдуҳакимов.Туризм қўмитаси раҳбари Умид Шадиев ва экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

Президент ҳудудда туризмни ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб берди. Биринчи навбатда Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз туманида туризм кластерини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. 33 км узунликдаги Ҳисорак-Ғелон ва Ҳисорак-Сарчашма йўлини икки қаторга кенгайтириш, шунингдек, Самарқанддан Шаҳрисабзгача бўлган қатнов вақтини бир соатга қисқартирадиган Чироқчи-Шўрқудуқ йўлининг 30 километрини таъмирлаш режалаштирилган.

Мазкур йўлларни таъмирлаш учун 240 миллиард сўм, Ғелон қишлоғида курорт инфратузилмасини яратиш учун 115 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Президент ўзининг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Гулямовга Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан шартнома тузиш ва бюджетдан 3 йил муддатга 30 миллион доллар кредит ажратиш бўйича топшириқ берди.

Қашқадарё ҳокими Муротжон Азимовга эртадан бошлаб бу ишга киришиш, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси раҳбари Шуҳрат Вафаевга эса вилоятга бориб, лойиҳага ёрдам бериш топширилди.

Ғелондан ўтувчи Оқсу дарёсида қуввати 24 МВт бўлган учта гидроэлектр станциясини ишга тушириш режалаштирилган. Натижада туризм кластерида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўлмайди, дейилади хабарда. Шаҳрисабз туризм техникумида Швейцария дастури асосида йилига 100 нафар мутахассис тайёрлаш режалаштирилган.

Бундай ишларни Оҳангарон, Ургут, Нурота, Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Бойсун, Сариосиё, Бахмал, Фарғона каби туризм салоҳияти юқори 20 та туманда ҳам қилиш мумкинлиги таъкидланди. Мутасаддиларга хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда бу борада мастер режа ишлаб чиқиш топширилди.

Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида иккита туристик зона ташкил этиш ташаббусларини маъқуллаганди. Улардан бири шу номдаги шаҳар яқинидаги «Шаҳрисабз» сайёҳлик маркази бўлади. 240 гектар майдонда меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар муассасалари, хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилиши режалаштирилган.