3 июнь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Cobalt йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда пойтахт ЙҲХБ хабар берди.

Соат 13:55 да 44 ёшли ҳайдовчи Н.К. ўз автомашинасини бошқариб келаётиб, Аҳмад Югнакий кўчасида пиёда — 1998 йилда туғилган Д.Х.ни уриб юборган.

Видеолавҳада икки қиз йўлдан ўтаётгани, улардан бирини машина уриб юборгач, бир неча метр нарига учиб кетганини кўриш мумкин. Ҳодиса содир бўлган жойдан бир неча 10 метр нарироқда эса светофор борлиги ва ишлаб тургани ҳам кўринади.

Оқибатда қиз тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда, пиёдалардан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилган ҳолда доимо йўлнинг белгиланган қисмларидан кесиб ўтишларини сўраб қоламиз, дейилади бошқарма хабарида.