Тошкент вилояти Олмалиқ туманида ўзини 16 қаватли бино томидан ташлаб, ҳалок бўлган қиз иши бўйича терговга қадар текширув ишлари бошланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнь куни номаълум шахс Увайсий маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг том қисмидан сакраб, ҳалок бўлганди. ИИБ ва ФВБ вакиллари воқеа жойида у билан суҳбатлашишга уринган, аммо қизни фикридан қайтариш имкони бўлмаган.

БП марҳумнинг шахси аниқланганини билдирди, мурдадан олинган бармоқ излари у Олмалиқ шаҳрида яшовчи 2005 йилда туғилган Г. Т. бўлганини кўрсатган.

Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланди.

Хабарда қўшимча қилинишича, воқеа жойи кўздан кечирилганда ушбу уйнинг том қисмига чиқиш темир эшигининг қулфи бузилган ҳолатда бўлгани аниқланган.