Тошкент вилояти Олмалиқ туманида 4 июнь куни қиз ўзини 16-қаватдан ташлаб ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, соат 16:45 да шаҳар ИИБга «Увайсий» МФЙдаги кўп қаватли уйнинг том қисмидан сакраб ўз жонига қасд қилмоқчи бўлаётган қизни қутқариш лозимлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Шаҳар ИИБ ва ФВБ вакиллари ҳамда МФЙ раиси зудлик билан воқеа жойига етиб келган ва қиз билан суҳбатлашган. Аммо олиб борилган музокараларга қарамасдан, у ўз жонига қасд қилган.

Маҳалла раиси ва шу кўп қаватли уй аҳолисининг айтишича, марҳум ушбу кўп қаватли уйда яшамаган.

Ҳозирда шаҳар ИИБ томонидан унинг шахсига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.