Хитой йирик пандаларни 2024 йил охиригача Вашингтондаги Смитсон миллий ҳайвонот боғига қайтаради. У ерда ёш жуфтлик пайдо бўлиши кутилмоқда — эркак Бао Ли ва аёл Цин Бао пандалар, улар 2 ёшда.

Ҳайвонот боғи пандаларнинг қайтишини 29 май куни эълон қилди ва бу хабарга АҚШнинг биринчи хоними Жилл Байден иштирокидаги видеоролик илова қилинди. «Биз ушбу тарихий лаҳзани интиқлик билан кутамиз ва уни мамлакатимиз пойтахтида нишонлаймиз», — деди Америка президентининг рафиқаси қувонч билан. У саҳна ортидан отилган ўйинчоқ пандани тутиб олиб, қўшимча қилди: «Бу расман! Пандалар Вашингтонга қайтади!»

Пандалар ҳайвонот боғи ва Хитой ёввойи табиат ассоциацияси (CWCA) ўртасидаги келишув доирасида олиб келинади. Ҳайвонлар 10 йилга ижарага берилади. Ҳайвонот боғи тадқиқот ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун CWCA`га йилига 1 миллион доллар тўлайди.

Дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли. Пекин, анъанага кўра, пандаларни миннатдорлик маъносида дўст мамлакатлардаги ҳайвонот боғларига юборади. Бу амалиёт панда дипломатияси деб аталади. 1941 йилдан 1984 йилгача Хитой ҳукумати пандаларни бошқа мамлакатларга ҳадя қилган. 1984 йилда Хитой ҳукумати пандаларни миллий бойлик деб эълон қилди ва уларни фақат ижарага беришни бошлади. Шартномаларда пандалар ва уларнинг барча авлодлари Хитой мулки бўлиб қолиши, туғилган болалар эса тўрт ёшга тўлгунга қадар Хитойга қайтарилиши кўзда тутилган.

The Washington Post газетасининг қайд этишича, пандаларнинг қайтиши ҳақидаги хабар АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескин муносабатларни инобатга олган ҳолда кутилмаган ҳолат бўлди. Пандалар Қўшма Штатларга 1970 йиллардан бери олиб келинади, аммо сўнгги бир неча йил ичида Пекин Америка ҳайвонот боғларидан пандаларни қайтариб олишни бошлади ва баъзилар буни сиёсий сабаблар деб боғлайди.

2023 йил ноябрь ойида йирик пандалар Мэй Сян, Тянь Тянь ва уларнинг боласи Сяо Цицзи Вашингтон ҳайвонот боғидан ўз уйларига қайтганди. Мэй Сян ва Тянь Тянь Вашингтонда бир неча ўн йил яшаб, ҳайвонот боғининг рамзига айланган.

Пандаларга ғамхўрлик қилиш ва ўрганиш қимматга тушади, шунинг учун ҳайвонот боғи харажатларни қоплаш учун 25 миллион долларлик йиғимни эълон қилди. Ҳайвонот боғида янги сувенирлар сотуви билан «Пандалар келмоқда!» кампанияси ҳам бошланди (The pandas are coming).

Бао Ли ва Цин Бао. Фото: Вашингтондаги Смитсон миллий ҳайвонот боғи.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин 2023 йил ноябрь ойида Сан-Францискода АҚШ президенти Жо Байден билан шахсан учрашгач, Хитой пандаларни АҚШга қайтариши мумкинлигига ишора қилганди. У пандаларни «Хитой ва Америка халқлари ўртасидаги дўстлик элчилари» деб атаганди. Шу йилнинг апрель ойи охирида Хитой Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ассоциацияси ҳам Пекин Калифорниядаги Сан-Диего ҳайвонот боғига 10 йиллик ижарага бир жуфт панда юборишини маълум қилган.