15 ноябрь куни Сан-Франциско яқинидаги Филоли қароргоҳида АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой етакчиси Си Цзиньпин тўрт соатлик музокара ўтказди, деб хабар берди CNN. Учрашув APEC (Осиё-Тинч океани минтақаси иқтисодий ҳамкорлиги) саммити доирасида бўлиб ўтди.

Бу Хитой раҳбарининг АҚШга олти йил ичидаги биринчи ташрифи ва Жо Байден ҳамда Си Цзиньпин бир йилдан ортиқ вақт ичида ўтказган биринчи икки томонлама учрашув ҳисобланади.

Матбуот анжуманида Байден Си билан учрашувни «биз ўтказган энг конструктив ва самарали муҳокамалардан бири» деб атади. Америка президентининг таъкидлашича, улар ўзаро тушунмовчилик даврларида ҳам телефон трубкасини кўтаришга келишиб олган. «Бу муҳим прогресс», — деди АҚШ раҳбари.

«Хитой-АҚШ муносабатлари сўнгги 50 йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида ҳеч қачон бир текис бўлмаган», — деди Си ва томонларнинг бир-биридан юз ўгириши вариант эмаслигини қайд этди.

«Хитой ва АҚШ тарихи, маданияти, ижтимоий тизими ва ривожланиш йўли бўйича бир-биридан фарқ қилади, бироқ улар бир-бирини ҳурмат қилади ва тинч-тотув яшайди… улар ўзаро келишмовчиликлардан бир поғона тепароқда туришга қодир», — дея қўшимча қилди Хитой етакчиси. «Ер сайёраси иккала давлат ҳам муваффақиятга эришиши учун етарлича катта».

The New York Times газетасининг ёзишича, Байден ва Си ўртасидаги музокаралар «мулоқотни давом эттиришга ваъда беришдан» бошқа ҳеч қандай натижага олиб келмаган. Нашрнинг таъкидлашича, томонлар «икки давлатни можаро ёқасига олиб келган» масалалар бўйича кичик прогрессга эришган.

Байденнинг ўзи музокаралардан мақсадга қуйидагича изоҳ берди: «Биз, Хитой ва АҚШ, рақобатбардош муносабатлардамиз. Менинг вазифам эса можарога ёқасига келиб қолмаслиги учун уларни рационал ва бошқариладиган қилишдир. Умуман олганда, ҳаммаси шу».

Си билан учрашувдан кейин журналистлар билан суҳбатда Байден Хитой раҳбарини ҳамон диктатор деб ҳисоблашда давом этишини айтди. «Эшитинг, у шундай. У диктатор, қайси маънодаки, ҳукумати бизникидан мутлақо фарқ қиладиган коммунистик мамлакатни бошқараётган йигит сифатида», — деди Байден ўз фикрини ўзгартиргани ёки йўқлиги бўйича саволга жавоб бериб.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Байденнинг баёнотини «ўта нотўғри» ва «масъулиятсиз сиёсий манипуляция» деб атади.

Учрашувнинг асосий натижалари

  1. АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри ҳарбий алоқаларни тиклайди. Пекин ва Вашингтон 2022 йил августида АҚШ Вакиллар палатаси собиқ спикери Нэнси Пелоси Тайванга борганда юқори даражадаги ҳарбий алоқаларни узганди. CNN`нинг ёзишича, ҳарбий алоқа каналларини қайта тиклаш «нотўғри тушуниш ёки нотўғри ҳисоб-китобларнинг олдини олиш» учун зарур, бу эса, АҚШ расмийлари ҳавотирланаётган очиқ можарога олиб келиши мумкин.
  2. АҚШ ва Хитой гиёҳванд моддаларни, жумладан, фентанил каби синтетик гиёҳванд моддаларни глобал ноқонуний ишлаб чиқариш ва савдосига қарши курашни кучайтиришга келишиб олди. Бу мақсадда томонлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузади, деб хабар бермоқда Оқ уй матбуот хизмати. The Guardian газетасининг юқори мартабали америкалик амалдорга таяниб ёзишича, Хитой фентанил ишлаб чиқариш билан боғлиқ маҳсулотлар экспорти шароитини қаттиқлаштиришга рози бўлган. Фентанил АҚШда гиёҳванд моддалар дозасини ошириб юборишнинг асосий сабабчиси ҳисобланади.
  3. АҚШ ва Хитой сунъий интеллект тизимлари билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисида келишиб олди. Бу мақсадда икки давлат ҳукуматлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилади.
  4. Байден ва Си бир-бирига доимий йўловчи ташиш рейсларини сезиларли даражада ошириш устида ишлашга ваъда берди. Икки давлат раҳбарлари, шунингдек, таълим, талабалар, маданият, спорт ва бизнес алмашинувларини кенгайтириш тарафдори эканини қайд этди.
  5. Тайван масаласида Байден АҚШнинг «ягона Хитой» сиёсати ўзгармаганини, аммо АҚШ статус-квонинг ҳар қандай бир томонлама ўзгаришига қарши эканини таъкидлади. «Биз бўғозлараро келишмовчиликлар тинч йўл билан ҳал қилинишини кутамиз», — деди у.

    Си Цзиньпин, ўз навбатида, Тайван масаласини Хитой-Америка муносабатларидаги «энг муҳим ва нозик» масала деб атади. Хитой раҳбарининг фикрига кўра, АҚШ «Тайван мустақиллиги»ни қўллаб-қувватламаслик позициясини аниқ ҳаракатларда ифодалайди, Тайванни қуроллантиришни тўхтатади ва Хитойни тинч йўл билан бирлаштиришни қўллаб-қувватлайди. «Хитой охир-оқибат қайта бирлашади, бу бирлашишдан қочишнинг имкони йўқ», деди у.
  6. Хитой йирик пандаларни Америка ҳайвонот боғларига қайтаради ва бу ҳайвонларни сақлаб қолиш учун АҚШ билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр, деди Си Цзиньпин. У пандаларни «Хитой ва Америка халқлари ўртасидаги дўстлик элчилари» деб атади. Хитой етакчиси пандалар қачон ва қайси ҳайвонот боғларига қайтиши тафсилотларини ошкор қилмади, бироқ кейинги жуфтлик катта эҳтимол билан Сан-Диегодаги Калифорния ҳайвонот боғига олиб келинишига ишора қилди, деб ёзди The Guardian.

Пекин илк бор 1972 йилда, икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш даврида Вашингтондаги Миллий ҳайвонот боғига бир жуфт панда совға қилганди. Кейинчалик Хитой АҚШнинг бошқа ҳайвонот боғларига ҳам пандаларни ижарага бериб, тушган маблағни бу турдаги ҳайвонларни сақлаш дастурларини молиялаштириш учун ишлатган. Сўнгги бир неча йил ичида Хитой-АҚШ муносабатлари ёмонлашуви фонида Пекин пандаларни ортга қайтара бошлади.