Бухоро шаҳридаги тарихий маскан — Хўжа Гулрез кўчаси 13-уй манзилида жойлашган Ҳовли Поён мажмуасида Жадидлар мероси давлат музейи ташкил этилади. Бу ҳақда 30 май куни президент қарори эълон қилинди.

Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тизимига киради ҳамда музей фаолияти унинг биносида қурилиш-монтаж ишлари якунланганидан сўнг бошланади. Уни ташкил этишдан мақсад — «жадидларнинг Ўзбекистон ва жаҳон тарихидаги муҳим ўрни ва аҳамиятини, миллий истиқлолнинг маънавий асосларини яратишдаги фидойиликларини, ибратли ҳаёти ва фаолиятини, бой илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш ва фаол тарғиб этиш».

Музей фаолиятининг асосий вазифалари этиб, жадидлик ҳаракатига оид мамлакат ва хориждаги турли манбалар ва тарихий ҳужжатларни аниқлаш, тўплаш, сақлаш, ўрганиш, тиклаш, нусхалаш, эълон қилиш, улар асосида vузей фондини бойитиб бориш ва экспозицияларни яратиш, шунингдек, маданий-маърифий ва илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш белгиланган.

Бундан ташқари, асосий мақсадлар қаторига «маърифатпарвар жадидларнинг ўрни ва аҳамияти, қўшган ҳиссаси ва фидойиликларини ҳаққоний ёритиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш» ҳам киради.

Шунингдек, Маданий мерос агентлиги «Миллий меросга менинг ҳиссам» умумхалқ акцияси доирасида аҳолидан жадидлик ҳаракатига оид тарихий материаллар, ашёлар, ноёб суратларнинг музей учун харид қилиб боради.

Импорт қилинадиган музей ашёлари ва коллекциялари, китоб ва қўлёзмалар, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, металл конструкциялар, мебель ва инвентарлар 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилади.