Президент «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227−1-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади, дея хабар берди Давлат солиқ қўмитаси. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2 апрель куни қабул қилинган ва сенаторлар томонидан 18 май куни маъқулланганди.

Қонун билан Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланадиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартиб-қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизини ташкил этади.

Мазкур ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори 20 фоизни ташкил этиши белгиланмоқда.

Аввал тадбиркорлар ушбу қонун бузилиш ҳолати учун охирги ҳисобот чорагида эга бўлган соф тушумни жарима шаклида тўлашга мажбур бўлаётган эди. Эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланадиган молиявий жарима миқдори қарийб 98 фоизга қисқартирилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2022−2023 йилларда амалдаги Солиқ кодексининг 2271-моддаси асосан ҳуқуқбузарлик содир этган 1519 нафар тадбиркорга нисбатан 735 млрд сўм молиявий жарималар қўлланган.

Бундан ташқари, 26 февраль куни имзоланган президент фармонида у кучга киргунга қадар 227−1-моддада назарда тутилган фискал ҳуқуқбузарликлар учун қўлланган молиявий санкциялар бўйича қарзларнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилиши қайд этилган. Шунингдек, уларни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилиши айтилган. Бизнес тўлаб бўлган жарималарнинг 98 фоизи келгуси тўловлар ҳисобидан қайтарилиши кўзда тутилган.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев Сенат йиғилишида 2022−2023 йилларда мазкур моддага асосан тадбиркорларга 1519 та ҳолатда жами 735 млрд сўм жарима солингани, шундан 1025 та ҳолатдан 35 млрд сўми ундирилгани, бугунги кунда 416 та юридик шахснинг 9,5 млрд сўм қарзи борлигини маълум қилганди.

Унга кўра, 690 млрд сўм (735 млрд сўмнинг 98 фоизи) аллақачон жарима суммасидан чиқариб ташланган, жами 8 млрд сўм миқдоридаги жаримани тўлаб бўлган 664 нафар тадбиркорга 7 млрд сўм қайтарилган, қолган 1,1 млрд сўм келажакдаги тўловлардан ҳисобидан қайтариб берилиши айтилди.