Пойтахтдаги Tashkent City бизнес маркази ҳудудидаги «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB), «Асакабанк» ва «Алоқабанк»нинг янги кўп қаватли бинолари очиқ савдо орқали сотилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) хабар берди.

KPMG савдо жараёнини ташкил қилиш бўйича консультант сифатида жалб қилинган.

ДАБА сотув жараёнларини ташкиллаштиришда тижорат банклари (актив эгалари) ва консультант ҳаракатларини мувофиқлаштиради.

Биринчи босқичда консультант томонидан инвесторларнинг мазкур активларни сотиб олишга бўлган қизиқишлари ўрганилади.

«Бозордаги ушбу бизнес марказларини сотиб олишга бўлган қизиқишни ўрганиш KPMG томонидан активлар тўғрисида тайёрланган инвестицион тизерларни соҳадаги инвесторларга, шу жумладан, халқаро инвесторларга юбориш ва улар билан индивидуал мулоқотга кириш орқали амалга оширилиши режалаштирилган. Инвесторларнинг мазкур бизнес марказларини сотиб олишга қизиқишларини, шунингдек, сотиб олиш шакли, яъни бинони тўлиқ сотиб олиш ёки лотларга бўлган ҳолда сотиб олиш бўйича фикрларини ўрганиш орқали сотишга ёндашув механизми ишлаб чиқилади», — дейилади хабарда.

tashkent city, алоқабанк, асакабанк, банклар, ўзсаноатқурилишбанк

«Ўзсаноатқурилишбанк» умумий майдони 82,28 минг квадрат метр бўлган 33 қаватли бинога эга, «Асакабанк»да — 66,2 минг квадрат метр майдонга эга 26 қаватли бино, «Алоқабанк»да — 81,44 минг квадрат метр майдонга эга 26 қаватли бино мавжуд.

2020−2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида бу бинолар «премиум тоифадаги банк офис бинолари» деб аталган. «Ўзсаноатқурилишбанк» объекти 137 миллион доллар, «Асакабанк»ники 102 миллион доллар, «Алоқабанк»ники 100 миллион долларга баҳоланган. Ушбу лойиҳаларга банклар ўз маблағларини киритган.

Эътиборлиси, «Ўзсаноатқурилишбанк» 33 қаватли бизнес марказини сотувга қўяётган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида пойтахтнинг Яшнобод туманида савдо ва кўнгилочар марказ, офис ва хонадонлардан иборат 21 қаватли бино қурмоқчи.