Тошкент шаҳрининг Махтумқули кўчасида жойлашган (собиқ «Ташсельмаш» бозоридан унча узоқ бўлмаган) «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB) Яшнобод филиали ўрнида 21 қаватли бино қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни шаҳар кенгаши сессиясида маълум қилди.

Азиз Акбаржонов.Азиз Акбаржонов.

Ҳозирги кунда уч қаватли банк филиали 50 сотихга яқин ерни эгаллаб турибди. Президентнинг сўзларига кўра, бу ташаббус банк бошқаруви раиси Азиз Акбаржонов томонидан илгари сурилган.

«Акбаржоновнинг ўзи 40 миллион доллар эвазига банк ўрнида 21 қаватли бино қуриб, биринчи тўрт қаватида савдо-кўнгилочар комплекс, бешинчи қаватида банк, юқори қаватларида офис ва квартиралар қуриш, шунингдек, 4000 та иш ўрни ташкил қилиш ташаббус билан чиқди. Мана Юнусободда қандай лойиҳаларни қилиш керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев қолган банк раҳбарлари ҳам бундан ўрнак олиб, пойтахтдаги филиаллари ўрнида худди шундай лойиҳалар қилиб, тадбиркорлар, иш ўринлари ва тушумларни кўпайтириши шартлигини қайд этди.