24 май куни E-auksion платформасида Халқ банки бош офиси жойлашган бинолар мажмуасини сотиш бўйича аукцион савдоси якунланди, деб эътибор қаратди Spot.

Аукцион савдоси 15 дақиқа давом этди. Ягона таклиф 119,71 миллиард сўм (9,5 миллион доллар) нарх билан Oazis Samarkand томонидан тақдим этилди, бу бошланғич баҳодан 5 фоизга кўп ёки квадрат метр учун 12,9 миллион сўм дегани.

Маъмурий ва ёрдамчи бинолар Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Қатортол кўчасидаги шу номдаги савдо мажмуаси ёнидаги 0,5 гектар майдонда жойлашган. Мулк акциядорнинг қарорига кўра йил бошида аукцион савдосига қўйилганди.

Мажмуа учта офис биносидан иборат — олти, беш ва икки қаватли. Бинонинг умумий майдони 9242 кв. метр, фойдаланиладигани — 7049 кв. метр.

Электр ва сув таъминоти, шунингдек, канализация бор, лекин газ йўқ. Лотнинг нархига ҚҚС ва томдаги умумий қуввати 50 кВт бўлган фотоэлектрик панеллар киради.

Харидор бинолар қийматининг камида 25 фоизини дастлабки тўлов сифатида амалга ошириши, қолган қисмини эса уч йил давомида бўлиб тўлаши шарт. Шундан кейингина мулк ҳуқуқи харидорга ўтади. Сотувчи мулк сотилгандан кейин бир ой ичида биноларни бўшатиши керак. Халқ банки бош офисининг янги жойлашуви ҳали эълон қилинмаган.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Oazis Samarkand 2013 йил февраль ойида рўйхатдан ўтган бўлиб, асосий фаолият йўналиши ресторан ва озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари ҳисобланади. Амир Дилшодович Далеров ягона таъсисчи сифатида қайд этилган. Шу билан бирга, 29 апрель куни муассислар сафига Xursheda tibbiyot va tashxiz компанияси ҳам қўшилган.

Амир Далеров, шунингдек, Sidi Med компанияси (Zarmed диагностика маркази), Samarkand-Zarmed Universiteti ва New Techno Age таълим муассасасида ҳам улушларга эга.