Исроил танклари шаҳарга қуруқликдан ҳужум бошланганидан уч ҳафта ўтиб Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ марказига кириб борди, дея хабар бермоқда Реутерс гувоҳларга таяниб. Шаҳарнинг марказий диққатга сазовор жойи Ал-Авда масжиди яқинида зирҳли техникалар кузатилган.

Исроил мудофаа кучлари (САХАЛ) Рафаҳдаги операция давом этишини эълон қилди, аммо шаҳар маркази томон олдинга силжиш ҳақидаги маълумотни изоҳламади. САХАЛ баёнотида айтилишича, тунда Исроил ҳарбийлари Миср ва Ғазо чегарасидаги буфер зонаси бўлган Филаделфия коридорида операция ўтказган.

Рафаҳ аҳолисининг Реутерс агентлигига айтишича, кеча тунда Исроил ҳарбийлари ҳаво ҳужумлари уюштирган ва шаҳарни танклардан ўққа тутган. Бундан ташқари, якшанба куни қочқинлар чодири лагерида катта ёнғинга сабаб бўлган ҳужум уюштирилган. Оқибатда камида 45 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг ярмидан кўпи аёллар, болалар ва қариялар эди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Рафаҳ лагерига қилинган ҳужумни «фожиали воқеа» деб атади, аммо ҲАМАСга қарши урушни давом эттиришга ваъда берди. «Мен барча мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмасман», — деди у.

САХАЛ, ўз навбатида, Рафаҳда якшанба кунги зарбада икки юқори мартабали ҲАМАС жангариси ўлдирилганини даъво қилмоқда.

Исроил ҳужуми халқаро, жумладан, гуманитар ташкилотлар, БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди. «Ғазода хавфсиз жой йўқ. Бу даҳшат тўхташи керак», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

  • БМТ Халқаро судининг Исроил томонига ҳужумни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш учун Миср билан чегарада назорат пункти очиш ҳақидаги қарорига қарамай, Исроил Рафаҳдаги ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда.
  • БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (УНРWА) маълумотларига кўра, сўнгги уч ҳафта ичида бир миллионга яқин одам Рафаҳни тарк этган. Ташкилотнинг қўшимча қилишича, одамлар «хавфсизлик етарли эмаслиги, бомбардимон қилиниш хавфи, озиқ-овқат ва сув етишмаслиги, ахлат уюмлари ва яшашга яроқли бўлмаган шароитлар» сабаб Рафаҳдан қочиб кетмоқда ва қочқинларга ёрдам бериш ҳозир деярли «имконсиз».

Рафаҳ Ғазо секторининг жанубидаги Миср билан чегарадош шаҳар бўлиб, уруш бошланганидан бери анклавнинг шимолий ва марказий қисмларидан келган 1 миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар бошпана топган.

Рафаҳ ўтиш жойи Ғазодаги ягона қуруқлик йўли бўлиб, у орқали фаластинликлар Исроилдан ўтмай туриб ташқи дунё билан боғланган. Назорат пункти орқали инсонпарварлик ёрдами етказилди ва яраланган Ғазо аҳолиси эвакуация қилинди.

Исроил сўнгги бир неча ойдан бери Рафаҳга қуруқликдан ҳужум уюштириш билан таҳдид қилиб келади. Исроил расмийларига кўра, шаҳарда ўтган йилнинг 7-октабрида Исроилга ҳужуми чоғида гуруҳ томонидан асирга олинган минглаб ҲАМАС жангарилари ва, эҳтимол, ўнлаб гаровга олинганлар бўлиб турибди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Рафаҳда операция ўтказмай туриб ҲАМАСни енгиш мумкин эмаслигини таъкидламоқда.

Ғарб ва араб давлатлари ҳамда халқаро гуманитар ташкилотлар кўп сонли тинч аҳоли қурбонлари бўлиши мумкинлиги сабабли Исроилнинг Рафаҳдаги операциясига қарши.