Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Исроилга қарши санкциялар ва уларнинг оқибатлари биринчи марта «жиддий муҳокама қилинди». Бу ҳақда журналистларга йиғилишдан сўнг Ирландия ташқи ишлар вазири Михол Мартин маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 26−27 май кунлари Исроил Рафаҳдаги чодирлар лагерларга ҳаво ҳужуми уюштирганди. Ғазонинг ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, яна юзлаб одамлар куйиш, синиш каби ҳамда бомба парчаларидан жароҳат олган.

Ирландия ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Исроилга қарши санкциялар бўйича муҳокама иштирокчилари бир тўхтамга келишдан узоқ бўлиб турибди. Бироқ уларнинг барчаси Халқаро суд [БМТ] қарор қабул қилгани ва Европа Иттифоқи ҳар доим бу суднинг мустақиллигини қўллаб-қувватлагани, унинг қарорларига риоя қилиши кераклиги шароитида юз берган вазиятдан хавотирда.

Муҳокамада Исроил суд буйруғини бажариши — Рафаҳдаги ҳарбий операцияни тўхтатиши ва чегара пунктини очиши тўғрисида «жуда аниқ фикр» билдирилган.

Исроил расмийлари, ўз навбатида, Politico нашрига Мартиннинг баёнотларига изоҳ бера олмасликларини ва Исроил мудофаасининг ўзи тинч аҳоли ўлими бўйича тергов олиб бораётгани ва «жанговар амалиётларда иштирок этмаган тинч аҳолига етказилган ҳар қандай зарардан афсусда эканликларини» маълум қилган.

Аввалроқ Ирландия Норвегия ва Испания қаторида Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олганини эълон қилганди.