Шавкат Мирзиёев 27 май куни Кўксарой қароргоҳида Россия президенти Владимир Путин билан тор доирадаги учрашув ўтказди.

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, «Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари» кўриб чиқилди.

Президентлар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Кремль матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг ташрифи «тарихий бўлишига» ишонч билдирди.

У Россия президентининг илк ташрифларидан бирида Ўзбекистонни танлагани учун миннатдорлик билдирди: «Бу Ўзбекистонга ва кўп миллатли Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурматдир».

Ўзбекистон президенти мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етганини таъкидлади. «Бу йилги ўсиш 30 фоизни ташкил этади, бу — жуда яхши кўрсаткич. Мен ва менинг ҳамкасбларим яқин келажакда буни 20 миллиардга етказиш учун ҳаракатдамиз. Ҳақиқий муваффақиятлар мавжуд», — дейди у.

владимир путин, россия, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида икки мамлакат минтақалари форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун Владимир Путинга миннатдорлик билдирди. Унда 28 та ҳудуд етакчилари иштирок этади.

«Биз ҳудудларга аралашмасдан, балки уларга ёрдам берсак, натижалар жуда юқори бўлади. Демак, бугунги кун ижобий натижалар беради, деб ўйлайман», — деди Ўзбекистон президенти.

Владимир Путин: «Бундай вакиллик делегациясининг Ўзбекистонга келгани бежиз эмас. Бу стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг ўзига хос хусусиятини таъкидлайди».

«Иқтисодий алоқаларнинг ривожланиш темпи ҳақиқатан ҳам жуда таъсирли», — деди Россия президенти. Бироқ, Россия статистикасига кўра, савдо айланмаси «бироз камроқ». «Аммо, умуман олганда, биз сизнинг савдо айланмангизнинг 15,5 фоизини эгаллаймиз, бу — яхши натижа. Ишончим комилки, айни суръатни инобатга олган ҳолда бу кўпроқ бўлади: жорий йилнинг биринчи чорагида, бизнинг статистикамизга кўра, темп жуда қаттиқ: 20% дан ортиқ. Бу — жуда яхши натижа», — дея қўшимча қилди у.

«Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз, Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари туфайли савдо-иқтисодий алоқаларимиз, айниқса, саноат кооперацияси ва юқори технологиялар соҳасида истиқболли тус олмоқда. Бу — энг муҳими. Ўзаро ҳамкорликнинг анъанавий йўналишлари ҳам яхши даражада сақланиб, яхши суръатларда ривожланмоқда», — деди Россия президенти.

У Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудлар форуми ўта муҳим йўналиш экани, бу ерда, асосийси, «одамларни безовта қилмаслик, шароит яратиш» деган фикрга қўшилди. «Ишончим комилки, бу ҳақиқатан ҳам савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларимиз ривожига ҳисса қўшади, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди Владимир Путин.

владимир путин, россия, шавкат мирзиёев

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, президентлар етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришди.

Энергетика, жумладан, атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Таълим ва муҳандис кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Турли маданий-гуманитар алмашинувларнинг ривожланиши юқори баҳоланди. Ташриф давомида Маданий ҳамкорлик дастури қабул қилинади.

Владимир Путиннинг ташрифи арафасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, «Иннопром» кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техника олий ўқув юртлари ректорлари ва тиббиёт муассасалари раҳбарларининг конференсиялари бўлиб ўтди. Рус санъати ҳафталиги тадбирлари Тошкентда ҳам давом этмоқда.