Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиаллари очилади. Бу бўйича 27 май куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Россия президентларининг тор доирадаги учрашувида келишиб олинди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташрифга тайёргарлик доирасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, «Иннопром» кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техник олий ўқув юртлари ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг анжуманлари самарали ўтгани, Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этаётгани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди, дейилади хабарда.

Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. 27 май куни давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.

«Етакчилар энергетика, жумладан, атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.