Президент фармони билан 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кретидлари фақатгина олий ва профессионал таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, таълим кредити миқдорига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, кейинги ўқув йилидан таълим кредити:

  • ️ОТМларнинг биринчи босқич талабалари ва ПТТ ўқувчилари учун — тўлов-контракт суммаси миқдорида;
  • иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун — фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи «3» дан паст бўлган тақдирда — умумий сумманинг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар бундан фарзандлари мустасно.

Бунда таълим кредити ОТМ талабалари учун — талабалар тўғрисидаги маълумотлар «Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш» (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими ва «Олий таълим жараёнларини бошқариш» (HEMIS) ахборот тизимида мавжуд бўлганда берилади.

ПТТ ўқувчилари учун эса — ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар «Профессионал таълим жараёнларини бошқариш» (prof.edu.uz) ахборот тизимида мавжуд бўлганда ажратилади.

2024/2025 ўқув йили бошлангунгача таълим кредити олиш учун аризаларни «Таълим кредити» ахборот тизими (talim-krediti.mf.uz) ва ЯИДХП (my.gov.uz) орқали топшириш имконияти яратилади.