UzAuto Motors эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмлар мавжудлиги сабабли Chevrolet Lacetti автомобилларини ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда, деб хабар берди «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Автомобиль ишлаб чиқарувчиси General Motors Global сиёсати туфайли 2024 йилнинг январидан Gentra (Lacetti) ишлаб чиқаришни тўхтатишни режалаштирганди.

«Ўзавтосаноат»нинг аниқлик киритишича, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш январь ойидан тўхтатилган, бироқ улар ҳали ҳам мавжуд, шунинг учун Lacetti ишлаб чиқариш давом этмоқда. Автомобиль ишлаб чиқариш босқичма-босқич тўхтатилмоқда, дея қўшимча қилди компания.

Йилнинг дастлабки тўрт ойида компания ушбу русумдаги 10 954 дона автомобиль ишлаб чиқарган (2023 йилнинг январь апрелига нисбатан деярли 2 баробар кам). 21 май куни Lacetti бўйича 3200 та шартнома тузилган. Ишлаб чиқаришни тўхтатиш режалари 2022 йил декабрь ойида эълон қилинганди.

Асака автомобиль заводида 2003 йилда Lacetti седанининг йирик блокли йиғилиши йўлга қўйилган. 2008 йилда ушбу автомобилни тўлиқ ишлаб чиқариш бошланди. Беш йил ўтгач, Gentra деб номланувчи ушбу моделнинг янгиланган версияси тақдим этилди.