26−27 май кунларида Тошкент шаҳрига транспорт воситаларининг кириши тақиқланиши ва тунги вақтда Қамчиқ довонида ҳаракат чекланиши ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, 26−27 май кунларида Тошкентда халқаро даражадаги тадбирлар бўлиб ўтиши ва айрим йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли баъзи кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракати қисман чекланиши мумкин.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрига транспорт воситаларининг ҳаракатланиб киришига ҳеч қандай чекловлар йўқ.

Аввалроқ, ЙҲХХ зарурат бўлмаганда ҳайдовчиларга Тошкент шаҳрига қараб ҳаракатланмасликни тавсия қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 26−27 май кунлари Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади. Путин Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этади.